ЎзА Ўзбек

25.09.2015 18:56 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

“Нуробод”да уй тўйи

“Нуробод”да уй тўйи Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинларининг бир гуруҳ ҳарбий хизматчилари оилаларига мўлжалланган 70 хонадондан иборат беш қаватли замонавий уй фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари, маҳалла фаоллари, ёшлар иштирок этди.

Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ислом Каримов раҳнамолигида замонавий қурол-яроғ ва техника, етук ҳарбий мутахассислар билан таъминланган миллий армиямизни барпо этиш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашда юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Ҳарбий тузилмаларда миллий қадриятларимизга хос соғлом маънавий, ахлоқий-руҳий муҳит яратилиб, ҳарбий хизматга ва ҳарбий хизматчиларга муносабат тубдан ўзгарди. Ёшларни ҳарбий хизматга чақирув ва йиғув пунктларининг инфратузилмаси такомиллаштирилиб, сафарбарлик чақирув мавсуми учун замонавий шароит яратилди.

Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларини мустаҳкам ижтимоий ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш, замонавий лойиҳалар асосида ҳарбий шаҳарчалар барпо этиш ва реконструкция қилиш, бундай турар жойларда юксак талаблар ҳамда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари эҳтиёжига жавоб берадиган қулай ижтимоий-маиший шароит ва инфратузилма масалаларига эътибор кучайтирилаётир.
11C.jpg
Давлатимиз раҳбарининг 2007 йил 14 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларини уй-жой билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори бунда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Мазкур ҳужжат ижроси доирасида мамлакатимизнинг барча вилоятларида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун кўплаб замонавий уй-жойлар, ётоқхоналар, таълим муассасалари, спорт мажмуалари ва бошқа инфратузилма объектлари қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда.

Ангрен шаҳри “Нуробод” қўрғонида барпо этилган “Ҳарбийлар шаҳарчаси” бунга мисол. “Истиқбол таъмир” масъулияти чекланган жамияти бунёдкорлари томонидан тез ва сифатли барпо этилган янги уйларда чегарачилар ва уларнинг оила аъзолари учун барча шароит яратилган. Болалар учун замонавий ўйин майдончаси қурилган.

10C.jpg
– Янги уйга кирган заҳотим хоналарни зумда айланиб чиқдим, – дейди Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинларида шартнома асосида хизмат қилаётган Элбек Валиевнинг турмуш ўртоғи Саодат Валиева. – Ошхона, меҳмонхона, ётоқхона... Ҳаммаси кенг ва шинам. Уй жиҳозлари, турли маиший техникалар жой-жойида. Бундай ярқираган уйда яшашни ким ҳам орзу қилмайди, дейсиз. Рости, ҳарбий хизматчининг аёли бўлганимдан яна бир бор фахрланиб кетдим!

Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари юртимиз сарҳадларини мардона қўриқламоқда. Чегарада хизмат қилиш ўта масъулиятли вазифа саналади. Чегарада дам олиш куни ёки байрам деган тушунчалар бўлмайди. Чунки сарҳадлар ҳар қандай об-ҳаво шароитида, хоҳ қуруқлик, хоҳ сув ё ҳавода бўлсин, кеча-кундуз қўриқланади. Шу боис чегарачилар иродали, бурчга садоқатли бўлиб, юрт тинчлигини асраш йўлида азиз жонини қурбон қилишга ҳам тайёр туради. Сарҳадларимизни белгиланган қатъий танлов ва синовлардан муваффақиятли ўтган, жисмоний бақувват, иродали ва жасур ўғлонлар ҳимоя қилмоқда. Қуролли Кучларимиз сафида бошқаларга ибрат бўлаётган жасоратли ўғлонлар кўп. Улар орасида сержант Шерзод Бобомуродов ҳам бор.

2008 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари сафида хизмат қилаётган Шерзод Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида туғилган. Болалигидан ҳарбий бўлиш орзусида ўсган Шерзод муддатли ҳарбий хизматда юрганида жисмоний ва жанговар тайёргарликни пухта ўзлаштирди...

“Нуробод”да берилган янги уй Бобомуродовлар хонадонига ҳам бир олам қувонч бағишлади.

– Ўғлимни касб байрами билан табриклаш учун келгандим, – дейди сержантнинг отаси Жўра ака. – Қўшалоқ шодиёнанинг устидан чиқиб қолдим. Янги уйнинг кўркам қадду бастини, хоналарнинг кенг ва шинамлигини, келиним ва набирам учун барча шароит яратилганини кўриб, бошим осмонга етди. Инсон учун болалари иқболини, саодатини кўришдан ортиқ бахт бўлмаса керак. Шу кунларга етказганига шукр!

Тадбирда санъаткорлар томонидан концерт намойиш этилди.

Бекзод Ҳидоятов, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА