ЎзА Ўзбек

12.01.2017 12:06 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Нукусда “Менинг армиям – менинг ифтихорим” деб номланган кўргазма очилди

Нукусда “Менинг армиям – менинг ифтихорим” деб номланган кўргазма очилди Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими кўргазмалар саройида “Менинг армиям – менинг ифтихорим” деб номланган кўргазма очилди.

Кўргазмада Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузуридаги ихтисослашган санъат мактаби ҳамда Нукус шаҳридаги 1-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларининг графика, манзара, портрет жанридаги суратлари намойиш этилмоқда.

Тасвирий санъат сирларини қунт билан ўрганаётган ўқувчилар суратларда Ватанимизнинг бетакрор табиати, бой тарихимиз, ҳарбийлар ҳаёти, қудратли ҳарбий техникаларни тасвирлаган.

Ёшларда ватанпарварлик туйғусини янада юксалтиришга хизмат қилаётган кўргазмада Ж.Айдарбоевнинг “Ҳарбий қасамёд”, С.Муратбоевнинг “Аскар”, М.Қайпановнинг “Полигонда”, А.Турдибоевнинг “Учувчи”, Х.Бахиевнинг “Ҳарбий тайёргарлик”, А.Тангрибергеновнинг “Аскар эсдалиги”, Р.Каукешовнинг “Чегарачилар”, Г.Генжемуратованинг “Ватан ҳимоячилари” каби картиналари тасвирий санъат мухлислари ва мутахассисларда катта таассурот қолдирмоқда.

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА