ЎзА Ўзбек

13.01.2017 12:01 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Нукус шаҳрида “Менинг акам – ҳарбий” мавзуида видеомулоқот ўтказилди

Нукус шаҳрида “Менинг акам – ҳарбий” мавзуида видеомулоқот ўтказилди Нукус шаҳридаги компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежида Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 25 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб “Менинг акам – ҳарбий” мавзуида видеомулоқот ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамкорлигида “Ўзбекистон – мустақил Ватанимиз, миллий армиямиз фахру ғуруримиз!” шиори остида ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятларидаги ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган аскарлар ва уларнинг укалари, опа-сингиллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Видеомулоқотда аскарлар ўз яқинлари билан дийдорлашди. Улар орасида Қорақалпоғистон Республикасидаги ҳарбий қисмлардан бирида хизмат қилаётган ромитанлик Насим Раҳматов ҳам бор. У синглиси Малика билан экран орқали суҳбатлашди.

– Акам муддатли ҳарбий хизматдан келганида унга ҳавас қилиб, мен ҳам армияга боришни орзу қилган эдим, – дейди оддий аскар Н.Раҳматов. – Орзуимга етишдим. Бугун Ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилишга ҳисса қўшаётганимдан фахрланаман. Синглим билан видеомулоқот орқали суҳбатлашиб кучимга куч қўшилди. Биз, ҳарбий хизматчиларга шундай кенг имконият яратиб берган ташкилотчиларга миннатдорлик билдираман.

Нукус шаҳридаги 9-оилавий поликлиника патронаж ҳамшираси Ж.Темирхонова Бухоро вилоятида ўз йигитлик бурчини ўтаётган укаси Нурсултон билан дийдорлашди.

– Укам Бухоро вилоятида муддатли ҳарбий хизматни ўтамоқда, – дейди Ж.Темирхонова. – Уни ҳарбий либосда кўриб, жуда ҳавасим келди. Укам хизмати ҳақида тўлқинланиб гапириб берди. Ҳарбий хизмат укамнинг дунёқарашини ўзгартирибди, унда қатъийлик ва масъулият ҳисси ортгани кўриниб турибди.

Тадбирда санъаткорлар ижросида Ватан, тинчлик ва мардликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради.

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА