ЎзА Ўзбек

17.02.2016 10:00 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Нияти эзгу, қадами шахдам йигитлар

Нияти эзгу, қадами шахдам йигитлар Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитларни тантанали кузатиш маросимлари ўтказилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Тошкент вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлимлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ва бошқа ташкилотлар вакиллари, ҳарбий хизматчилар, бўлажак аскарлар ҳамда уларнинг ота-оналари, кенг жамоатчилик иштирок этди.

Президентимизнинг 2015 йил 23 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилган маросимда Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз мудофаа тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани, ҳарбий хизматга ёшларимизнинг қизиқиш ва интилиши тобора ортиб, Ватан ҳимоячиси бўлиш шон-шараф ишига айлангани алоҳида таъкидланди.

Замонавий қурол-яроғ ва техника, етук ҳарбий мутахассислар билан таъминланган Қуролли Кучларимизни барпо этиш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашда юксак самаралар бермоқда.

– Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик халқимизнинг энг катта бойлигидир, – дейди муддатли ҳарбий хизматга чақирилган қибрайлик Акром Қаҳҳоровнинг онаси Раъно Абдуазизова. – Албатта, буни таъминлашда Ўзбекистон Қуролли Кучларининг алоҳида ўрни бор. Бугун нияти эзгу, қадами шахдам йигитлар сафига ўғлим Акромнинг ҳам қўшилаётгани менга катта ғурур бағишламоқда.

– Мустақил юрт фарзанди сифатида ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрликдан баҳраманд бўлиб вояга етаётганимдан бахтиёрман, – дейди янгийўллик Санжар Хўжаев. – Болалигимдан спортга қизиқаман. Телевидение орқали ҳарбий спортчилар ҳақидаги кўрсатувларни кўрганимда улар каби бўлишга интилардим. Таэквондонинг ITF тури билан саккиз йилдан буён шуғулланаман. Мамлакатимизда биз, ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик туфайли орзуларим рўёбга чиқмоқда. Кўплаб халқаро турнирларда ғолиб чиқдим. Бугун эса ҳарбий хизматга кетмоқдаман. Мен ва тенгдошларим Ватанимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталигини кўз қорачиғидек асраш учун масъул эканимизни теран англаймиз.

Бекзод Ҳидоятов, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА