Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.05.2017 12:20 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Намунали ҳарбий оилалар

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маърифат марказида “Намунали ҳарбий оила” кўрик-танловининг якуний босқичи ўтказилди.

Мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш ва баркамол авлодни тарбиялаш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш муҳим ўрин тутади. “Намунали ҳарбий оила” кўрик-танловининг мақсади ҳам Ватан ҳимоячилари оилаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборат.

Танловда саралаш босқичларида ғолиб бўлган ҳарбий хизматчилар оилалари тўрт шарт бўйича баҳслашди. Дастлабки шартда оилалар қўшиқ, шеър, миллий рақс санъати орқали ўзларини таништирди. Иккинчи шартда оиланинг жамиятимиз ҳаётидаги ва фарзанд тарбиясидаги ўрнига бағишланган саҳна кўринишлари намойиш этилди. Шунингдек, иштирокчиларнинг миллий урф-одат ва анъаналаримиз, буюк аждодларимиз мероси, инсон манфаатларини таъминлаш, оила ҳуқуқи бўйича билими ҳам синовдан ўтказилди. Охирги шартда оила бекалари карвинг санъати анъаналари асосида ҳўл меваларни дид билан безади.

Оилаларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. Оиланинг ёш аъзолари саҳнада турли ижодий салоҳиятларини намойиш этди. Инглиз тилида шеър ўқиди, қўшиқ куйлади.

Танлов натижаларига кўра, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округдан майор Дилшод Етмишов оиласи ғолиб, деб топилди. Шимоли-ғарбий ҳарбий округдан сержант Раҳматилла Эшжонов оиласи иккинчи ва Шарқий ҳарбий округдан майор Рустам Охунов оиласи учинчи ўринни эгаллади.

– Оила қанча мустаҳкам бўлса, жамият шунча юксалаверади, – дейди танлов ғолиби Д.Етмишов. – Мазкур танловнинг анъанавий ўтказилиши оила маданияти ва одобини шакллантириш, миллий урф-одатларимизни тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Танловда янги дўстлар орттирдик, билим ва малакамизни оширдик. Биз, ҳарбийлар ва оила аъзоларимиз учун яратилаётган шароит ва имкониятлардан барчамиз миннатдормиз.

Ғолиб ва совриндорлар махсус диплом ва совғалар билан тақдирланди. “Энг пазанда оила” номинациясида майор Элдоржон Эргашев оиласи, “Актёрлик маҳорати ривожланган ҳарбий оила” номинациясида сержант Лутфулло Тангриқулов оиласи ва “Энг қувноқ ва зукко фарзандлар оиласи” номинациясида кичик сержант Маъруфжон Пайғамов оиласи рағбатлантирилди.

Нурилло Насриев, ЎзА