ЎзА Ўзбек

18.05.2015 14:18 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Намунали ҳарбий оила

Намунали ҳарбий оила Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Маънавият ва маърифат марказида “Намунали ҳарбий оила” республика кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди.

Президентимиз раҳнамолигида оила институтини мустаҳкамлаш ва баркамол авлодни тарбиялаш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш муҳим ўрин тутади. “Намунали ҳарбий оила” кўрик-танловининг мақсади ҳам Ватан ҳимоячилари оилаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборат.

– Танловда саралаш босқичларида ғолиб бўлган етти оила иштирок этди, – дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, “Намунали ҳарбий оила” республика кўрик-танлови ҳакамлар ҳайъати аъзоси Ш.Маҳбубов. – Иштирокчилар ҳар томонлама пухта тайёргарлик ва ижодий салоҳиятга эга экани, аҳиллигини намойиш этди. Айниқса, жажжи иштирокчилар барчада ёрқин таассурот қолдирди.

Оилалар тўрт шарт бўйича баҳслашди. Қўшиқ ижро этиб, шеърлар ўқиди, оиланинг жамиятимиз ва фарзанд тарбиясидаги ўрнига бағишланган саҳна кўринишларини намойиш этди. Шунингдек, миллий урф-одат ва анъаналаримиз, буюк аждодларимиз мероси, оила ҳуқуқи бўйича билимини ҳам синовдан ўтказди.

Танлов натижаларига кўра, Шимоли-ғарбий ҳарбий округдан кичик сержант Ҳаким Айтеков оиласи ғолиб деб топилди. Шарқий ҳарбий округдан майор Нуриддин Юсупов оиласи иккинчи ва Марказий ҳарбий округдан сержант Музаффар Нуруллаев оиласи учинчи ўринни эгаллади.

– Президентимиз раҳнамолигида биз, ҳарбийлар ва оила аъзоларимиз учун яратилаётган шароит ва имкониятлардан барчамиз миннатдормиз, – дейди танлов ғолиби, кичик сержант Ҳ.Айтеков. – Ушбу танловда иштирок этиш оилам учун жуда қизиқарли ва фойдали бўлди. Унда ғолиб бўлганимиздан хурсандмиз.

Ғолиб ва совриндорлар махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Роман Бондарчук, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА