ЎзА Ўзбек

09.06.2014 20:42 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Намунали ҳарбий оила

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Маънавият ва маърифат марказида Мудофаа вазирлиги ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган “Намунали ҳарбий оила” республика кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлаш, оддий аскар, сержант ва офицерларнинг ижтимоий-маиший шароитларини янада яхшилашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда юртимизда Ватан ҳимоячиларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришнинг ишончли тизими шакллантирилган бўлиб, у ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашга хизмат қилаётир.

“Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида ташкил этилган “Намунали ҳарбий оила” кўрик-танлови ҳам айнан шу мақсадга қаратилган.

– Танловда унинг саралаш босқичларида ғолиб бўлган етти оила иштирок этди, – дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, “Намунали ҳарбий оила” республика кўрик-танлови ҳакамлар ҳайъати аъзоси Ш.Маҳбубов. – Иштирокчилар ўзларининг ҳар томонлама пухта тайёргарликка ва ижодий салоҳиятга эга эканини намойиш этди.

Танлов натижаларига кўра, Сирдарё вилоятидан сержант Ихтиёр Икромов оиласи ғолиб деб топилган бўлса, Шимоли-ғарбий ҳарбий округдан кичик сержант Ҳамиджон Бекмуродов оиласи иккинчи, Жануби-ғарбий ҳарбий округдан капитан Жаҳонгир Пармонов оиласи учинчи ўринни эгаллади.

– Бундай тадбирлар оила аъзоларимиз учун жуда қизиқарлидир, – дейди сержант И.Икромов. – Президентимиз раҳнамолигида биз, ҳарбийларга қаратилаётган катта эътибор, оила аъзоларимиз учун яратилаётган шароит ва имкониятлардан барчамиз миннатдормиз.

Ғолиб ва совриндорлар махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.


ЎзА, Роман Бондарчук