ЎзА Ўзбек

19.01.2016 16:04 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Муносиблар имтиёзга эга бўлади

Муносиблар имтиёзга эга бўлади Фарғона политехника институтида Шарқий ҳарбий округ ҳудудида жойлашган ҳарбий қисм ва муассасаларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар учун тест синовлари ўтказилди. Жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик, ҳарбий интизом ҳамда тест синовлари натижалари бўйича энг кўп балл тўплаган муддатли ҳарбий хизматчилар мамлакатимиз олий таълим муассасаларига имтиёзли асосда ўқишга кириш имконини берадиган ҳарбий қисм қўмондонлигинингтавсияномаларини олишга муваффақ бўлади.

Президентимизнинг 2012 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада ёшлар учун янада кенг имкониятлар яратмоқда. Қарорда тегишли тавсияномага эга бўлган фуқаролар барча йўналиш ва мутахассисликлар бўйича мамлакатимиздаги олий ўқув юртларига ўқишга киришда тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 27 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга эга бўлиши белгилаб қўйилган. Номзодлар бундай тавсияномани олиш учун жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик, ҳарбий интизом ва тест синовлари натижалари бўйича энг кўп балл тўплаши зарур.

– Армия маънавий ва жисмоний жиҳатдан юксалишимда муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди оддий аскар Мирзааҳмад Абдукаримов. – Шу кунга қадар ҳарбий соҳага оид зарур билимларни пухта эгаллашга интилдим. Айниқса, жанговар тайёргарлик машғулотларида кўп нарса ўргандим. Биз, аскарлар давлатимиз раҳбарининг эътибори ва ғамхўрлигини доимо ҳис қилиб турамиз. Ҳарбий хизматни ўташ билан бирга, ўз билимимизни ҳар томонлама ошириш учун барча шароит яратилган. Бундан унумли фойдаланиб, хизматдан сўнг Ўзбекистон Миллий университетига ҳужжат топширмоқчиман.

Тест синовлари натижалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази мутахассислари томонидан текширилиб чиқилгач, ҳарбий қисм қўмондонлигига юборилади ва айнан шу маълумотлар муддатли ҳарбий хизматчиларни резервга бўшатиш жараёнида тавсияномалар топширилишида муҳим ўрин тутади.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА