ЎзА Ўзбек

12.01.2017 12:32 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Мардлик, матонат ва жасорат тимсоли

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 3-маданият ва аҳоли дам олиш марказида Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 25 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тадбир ўтказилди.

Унга ҳарбий хизматчилар, маънавият тарғиботчилари, санъаткорлар, талаба-ёшлар таклиф этилди.

 Юнусобод тумани ҳокими М.Мирқосимов, Ўзбекистон халқ артисти Т.Юсупова ва бошқалар Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлаш ва миллий армиямиз салоҳиятини оширишга хизмат қилаётганини таъкидлади. Мазкур соҳага кўрсатилаётган чексиз эътибор натижасида бугунги кунда армия сафида хизмат қилиш йигитларимиз учун муқаддас бурч, мардлик, матонат ва жасорат тимсолига айланди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 20 декабрдаги фармойишига мувофиқ мамлакатимизнинг барча ҳудудларида "Ўзбекистон – мустақил Ватанимиз, миллий армиямиз фахру ғуруримиз!" шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Уларда тинч ва осойишта кунларимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, қадрига етиш, мустақиллигимизни ҳалол ва фидойи меҳнат билан мустаҳкамлаш наинки ҳарбийлар, балки барча фуқароларнинг бурчи экани таъкидланмоқда.

– Бу каби маърифий тадбирлар ўз касбига садоқатли ҳарбийларимизнинг машаққатли меҳнатини эътироф этиш билан бирга, ёшларда ватанпарварлик, истиқлол ғояларига садоқат, шукроналик туйғуларини мустаҳкамламоқда, – дейди Мирзо Улуғбек тумани ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Д.Обидова. – Шу боис маҳаллалар, меҳнат жамоалари, таълим масканларида Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ташкил этилаётган тадбирларга жамоатчилик вакиллари, нуронийлар, ҳарбийлар билан бирга ёшлар кенг жалб этилмоқда.

Тадбирда бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил" эсдалик нишони, фахрий ёрлиқ, ташаккурнома, эсдалик совғалари топширилди.

Концерт дастури йиғилганларга кўтаринки кайфият бахш этди.


Назокат Усмонова, ЎзА