ЎзА Ўзбек

15.01.2015 11:55 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Менинг армиям – менинг фахрим

Менинг армиям – менинг фахрим

Нукусда Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими кўргазмалар саройида Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 23 йиллигига бағишлаб “Менинг армиям – менинг фахрим” деб номланган кўргазма очилди.

Кўргазмада Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими ҳузуридаги ихтисослашган санъат мактабида таҳсил олаётган 27 нафар иқтидорли ўқувчининг 80 дан ортиқ графика, акварель, мойбўёқ усулида яратилган асарлари намойиш этилмоқда.

– Бу ерга қўйилган асарлар мавзуси, яратилиш техникаси ва сюжети хилма-хиллиги билан ажралиб туради, – дейди таниқли рассом Женис Лепесов. – Ёш муаллифларнинг ўткир нигоҳи, теран дунёқараши, нозик диди ва чуқур ўй-хаёллари меваси бўлган асарларда ҳарбийлар ҳаёти моҳирона акс эттирилган.

Ёш мўйқалам соҳиблари Ислом Ўринбоевнинг “Чегарачи”, “Ҳарбий тайёргарлик”, “Полигонда”, Ҳосилбек Жўлдасбоевнинг “Кўл”, “Аскар”, “Аскар бўламан”, Исмоил Илёсовнинг “Ҳарбий полигонда”, “Аскар ҳайкали”, Улмекен Нажимованинг “Мерган”, “Танкчилар”, Қўблон Есмуҳамметовнинг “Ватан ҳимоячилари” деб номланган асарлари мутахассислар томонидан юқори баҳоланмоқда.

А.Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА