ЎзА Ўзбек

14.02.2014 14:37 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Мен ҳам ҳарбий бўламан

Президентимизнинг 2013 йил 20 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига асосан Навоий вилоятида бир гуруҳ йигитларни ҳарбий хизматга кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Навоий вилояти мудофаа ишлари бошқармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими вакиллари, ёшлар ҳамда чақирилувчиларнинг ота-оналари иштирок этган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Вилоят мудофаа ишлари бошқармасига қарашли муассасаларда сўнгги йилларда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Вилоят йиғин пункти, Зарафшон, Нурота, Томди туман чақирув пунктлари янгидан барпо этилган бўлса, Кармана, Хатирчи туманларидаги муассасалар бинолари замонавий тарзда қайта реконструкция қилинди.

– Белгиланган синовлардан муваффақиятли ўтиб, тенгдошларим қатори ҳарбий хизматга йўл олаётганимдан хурсандман, – дейди карманалик чақирилувчи Муҳриддин Раҳматуллаев. – Икки акам ҳарбий хизматни тугатиб, шартнома асосида миллий армиямиз сафларида хизмат қилмоқда. Мен ҳам Ватанимиз олдидаги йигитлик бурчимни намунали ўтаб, Чирчиқ Олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртига ўқишга кирмоқчиман.


ЎзА, Н.Раҳимов, Сирож Арслонов (сурат)