ЎзА Ўзбек

11.01.2017 12:35 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Мардлик ва жасорат мактаби

Шарқий ҳарбий округ сержантлар тайёрлаш мактабида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Республика Маънавият тарғибот маркази Наманган вилояти бўлими ходимлари, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши тизимидаги курсантлар, истеъфодаги офицерлар, маданият ва санъат намояндалари, талабалар иштирок этган тадбирда Биринчи Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

– Шарқий ҳарбий округ сержантлар тайёрлаш мактаби миллий армиямизнинг умумқўшин, ҳаво десанти, ички ишлар вазирлиги қоровул қўшинлари, чегара қўшинларига замонавий ҳарбий билим ва кўникмаларни пухта эгаллаган, юқори жисмоний ва жанговор тайёргарликка эга малакали сержантлар тайёрлашга ҳисса қўшиб келмоқда, – дейди истеъфодаги полковник Ҳ.Хидиров. – Мактабда тайёрланган минглаб кичик командирлар айни пайтда турли қўшинларда юртимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги, халқимиз осойишталигини таъминлаш йўлида садоқат билан хизмат қилмоқда.

Меҳмонлар томонидан мактаб ахборот-ресурс марказига сиёсий, ижтимоий ва бадиий адабиётлардан иборат китоблар тўплами тақдим этилди, бир гуруҳ фахрий ҳарбий хизматчиларга эсдалик совғалари топширилди.

Тадбирда ҳарбийлар, шоир ва ёзувчилар ўртасида қизиқарли мулоқотлар бўлиб ўтди, санъаткорлар ижросида Ватан, мустақиллик, тинчлик ва садоқатни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради.

Акрамжон Сатторов, ЎзА