ЎзА Ўзбек

14.01.2015 20:40 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Мардлик ва жасорат байрами

Мардлик ва жасорат байрами

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 23 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Мустақиллик майдонида ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу мақсадларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига тантанали равишда гул қўйиш маросими бўлиб ўтди.

Мустақиллик майдонида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси вакиллари тантанали тарзда саф тортди. Ватан ҳимоячилари ҳарбий оркестр мусиқа садолари остида Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гуллар қўйди. Бу анъана замирида халқимизнинг энг бебаҳо неъмат бўлмиш тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва осмонимиз мусаффолигини нақадар қадрлаши мужассам. Ушбу буюк бойликни асраб-авайлаш эса энг шарафли ва фахрли касб эгалари – Ватан ҳимоячиларининг муқаддас бурчидир.

13c.JPG

Президентимиз, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондони Ислом Каримовнинг мамлакатимиз Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 23 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида мустақил демократик Ўзбекистон давлатини барпо этиш ва ривожлантириш бўйича биз босиб ўтган буюк ва шонли йўл миллий армиямизнинг – ён-атрофимиздаги мураккаб ва таҳликали вазиятда тобланган, Ватанимиз мустақиллиги, суверенитети, унинг ҳудудий яхлитлиги, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётининг ҳамиша ишончли кафолати бўлиб келган ва бугунги кунда ҳам шундай бўлиб қолаётганини неча бор исботлаб берган мамлакатимиз Қуролли Кучларининг шаклланиши билан узвий ва чамбарчас боғлиқ ҳолда кечди, деб айтишга бугун барча асосларимиз борлиги таъкидланди.

...Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграйди. Ушбу тантанали лаҳзаларда миллий куч-қудратимиз, буюк аждодларимизнинг юксак заковати ва мустаҳкам иродаси кўз олдимизда намоён бўлади. Ватан ҳимоячилари қалбида барчамиз учун ягона бўлган Ўзбекистон билан фахрланиш туйғулари жўш уради.

Пойтахтимиздаги “Ватанга қасамёд” монументи пойига ҳам тантанали гул қўйиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу монументда азамат ўғлон давлатимиз байроғини кўзига тўтиё қилиб, Ватан ҳимояси учун тайёрман, деб тиз чўкиб қасамёд қилаётгани ифода этилган. “Ватанга қасамёд” монументи Ватан ҳимоячиларининг жасорати ва шон-шарафининг ёрқин тимсоли, халқимизнинг уларга бўлган ҳурмати ва меҳр-муҳаббати ифодасидир.

Мустақиллик йилларида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида Қуролли Кучлар шахсий таркибининг жанговар тайёргарлиги, таъминоти ва маҳоратини ошириш, армиямизни замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминлаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Бунинг самарасида ихчам ва тез ҳаракатланадиган профессионал миллий армиямиз шакллантирилди. Бугунги кунда ҳарбий хизмат нафақат бурч, балки шон-шараф ишига, мамлакатимиз ҳудудий яхлитлиги ва халқимиз осойишталиги кафолатига айланди.

– Бизга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбаридан миннатдормиз, – дейди II даражали «Шон-шараф» ордени соҳиби, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Бош штаб бошқарма бош муҳандиси, подполковник Б.Кайимов. – Барчамизни мамлакатимизга хизмат қилиш, уни турли таҳдидлардан асраш, Ватанимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашда фаол иштирок этиш истаги бирлаштириб туради. Шу боис Ватанимиз олдидаги ўз бурчимизни шараф билан адо этишга бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этмоқдамиз. Юртдошларимиз доимо мусаффо осмон остида, фаровон ва гуллаб-яшнаётган мамлакатда бахтли ҳаёт кечирсин.

Роман Бондарчук, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА