ЎзА Ўзбек

15.01.2015 12:38 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Мардлик ва ватанпарварликка бағишланди

Мардлик ва ватанпарварликка бағишланди

Нукусдаги 18-умумтаълим мактабида “Ватан – улуғ, бурчим муқаддас!” шиори остида тадбир бўлиб ўтди.

Мардлик ва жасорат дарсида она юрт ҳимояси муқаддас эканлиги, аждодларимиз кўрсатган мардлик ва жасорат, Ўзбекистон Қуролли Кучлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Дарсларда ҳарбийлар ҳам иштирок этди.

– Мактабимизда 1 минг 511 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда, – дейди мактаб директори Мақсетбой Халқназаров. – Уларга 163 нафар малакали ўқитувчи таълим-тарбия бераётир. Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб ўтказилган мазкур тадбир ўқувчиларимизни Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга садоқат ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Мактабнинг ёш ҳаваскорлар тўгараги аъзолари томонидан тайёрланган “Ватаним тақдири – менинг тақдирим” мавзуидаги концерт дастури тадбирга янада кўтаринкилик бағишлади. “Мен ҳам аскар бўламан” деб номланган спорт мусобақасида ўқувчилар жисмоний тайёргарлиги, эпчиллик ва чаққонлигини намойиш этди.

А.Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА