Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.02.2015 16:12 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Мардлик ва матонат мактабига йўл

Мардлик ва матонат мактабига йўл

Президентимизнинг 2014 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жойлардайигитларни муддатли ҳарбий хизматга тантанали кузатиш маросимлари давом этмоқда.

Андижон вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида бўлиб ўтган шундай тадбирда Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ўз самарасини бераётгани алоҳида таъкидланди.

Тадбирда хизматга йўл олаётган ўғлонларга мудофаа ишлари бошқармаси, хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Нуроний» жамғармаси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати вакиллари, ота-оналар оқ йўл тилади.

– Ўғлим Исломбекни ҳарбий хизматга кузатяпман, – дейди Жалақудуқ тумани Қўштепа маҳалласида яшовчи Зайнабхон Қодирова. – У хизмат давомида ҳар томонлама тобланиб, янада ўктам ва бақувват бўлиб қайтишига ишонаман.

Армияга жўнаб кетаётган йигитлар юз-кўзидаги шижоат, интилиш, жисмоний ва маънавий тайёргарликка ҳавасингиз келади.

– Андижон давлат университети қошидаги 3-академик лицейни битирдим, – дейди Андижон шаҳридан ҳарбий хизматга чақирилган Зиёдулло Ҳасанов. – Йигитлик бурчимни аъло даражада адо этиб, ота-онам, Ватаним билдирган ишончни оқлаш, келажакда эл-юртимизга наф келтирадиган етук инсон бўлиш менинг олий мақсадим.

Маросимда ҳарбий хизматга йўл олган бўлажак аскарларга эсдалик совғалари топширилди.

Фаҳриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА