ЎзА Ўзбек

23.02.2016 09:49 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Мардлар қўриқлайди Ватанни

Мардлар қўриқлайди Ватанни Президентимизнинг 2015 йил 23 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Тошкент вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитларнинг бир гуруҳини тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлимлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ва бошқа ташкилотлар вакиллари, мудофаа ишлари бошқармаси офицерлари иштирокида ўтказилган тадбирда ҳарбий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани, ҳарбий қисм ва таълим муассасаларида ҳарбий хизматчилар учун барча шароит яратилгани алоҳида таъкидланди.

Миллий армиямиз ёшларнинг иродасини тоблайдиган, уларни ўз Ватани ва халқига садоқат руҳида тарбиялайдиган жасорат ва матонат мактабига айланди. Ўғлонларимизнинг ҳарбий хизматга, бошқача айтганда, эл-юртимиз тинчлиги ва осойишталиги, осмонимиз мусаффолиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга бўлган қизиқиш ва интилиши кучайди.

Конституциямизда Қуролли Кучларнинг ҳуқуқий мақоми аниқ белгилаб қўйилган, армиямиз Ўзбекистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги, халқимизнинг осуда ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлаш учун ташкил этилгани таъкидланган. Ўзбекистон Республикасининг “Мудофаа тўғрисида”, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунлари Қуролли Кучларимиз ташкилий асосларини ўзида мужассам этган.

– Армияга боришни орзу қилмаган йигит бўлмаса керак, – дейди бекободлик Азиз Анорбоев. – Мен ҳам болалигимдан ҳарбий хизматни ўташни орзу қилардим. Шукр, ниятимга етдим. Ўзимни ҳарбий либосда кўриб, бирдан улғайиб қолгандай ҳис қилаяпман. Ватан ҳимояси – муқаддас бурч, мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикнинг бардавомлигини таъминлаш бизнинг эзгу бурчимиз эканини янада чуқур англадим.

Ҳарбий хизматга жўнаб кетаётган йигитларга эсдалик совғалари топширилди.

Бекзод Ҳидоятов, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА