ЎзА Ўзбек

14.01.2016 15:33 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Мардлар қўриқлайди Ватанни

Нукусда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 24 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб ҳаваскор қўшиқчилар ўртасида “Мардлар қўриқлайди Ватанни!” кўрик-танлови бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик маркази томонидан ташкил этилган тадбирда 40 нафарга яқин ҳаваскор қўшиқчи ўз иқтидорини намойиш этди.

Ёшлар онги ва қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини янада юксалтириш мақсадида ўтказилган танловда нукуслик Мадиёр Бекпўлатов биринчи ўринни қўлга киритди. Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти талабаси Турдимурат Тлеумуратов ҳамда Хўжайли туманидаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Нуржамол Ўрозова иккинчи, Беруний туманидан ёш ҳаваскор Суҳроб Маратов учинчи ўринни эгаллади.

– Аскар ва курсантларнинг юз-кўзида уфуриб турган шижоат менга илҳом бағишлайди, – дейди танлов ғолиби М.Бекпўлатов. – Бугунги тинч ва осуда кунларимизнинг қадрига етиш, уни кўз қорачиғидек асраш нафақат ҳарбийлар бурчи, балки ҳар биримизнинг фуқаролик вазифамиз эканини янада теран англайман. Ватан ва тинчлик тараннум этилган қўшиқларим томошабинларга манзур бўлганидан ҳурсандман.

Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА