Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.09.2016 15:42 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Мардлар номи ўчмайди

Андижон вилоятининг Избоскан тумани Туячи қишлоғида Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб ўтказилган тадбир шундай номланди.

Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ҳарбий қисми ва Избоскан тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз мудофаа тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги чора-тадбирларда ҳам ўз ифодасини топаётгани таъкидланди.

Тадбирда Туячи қишлоғида улғайган, хизмат вазифасини бажариш чоғида Ватан ҳимояси йўлида қурбон бўлган чегара қўшинлари катта лейтенанти Шуҳратбек Собиров ҳамда кичик сержант Аброрбек Товулдиевнинг жасурлиги ва қаҳрамонлиги ҳақида сўз юритилди.

– Мазкур тадбирни ўтказишдан мақсад марҳум чегарачиларимиз хотирасини ёд этиш, уларнинг номини улуғлашдир, – дейди офицер Ғуломжон Узоқов. – Шунингдек, чегараолди ҳудудлари аҳолиси ўртасида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш, фуқароларнинг чегара ҳудудлари тартиб-қоидалари ҳақидаги билим ва тушунчаларини бойитиш, бу йўналишдаги тарғибот ишлари самарадорлигини янада оширишга қаратилган. Бундай тадбирлар аҳоли, айниқса, ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, миллий армиямиз ва ҳарбий хизматчиларга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тадбирда юртимиз тинчлиги, чегараларимиз дахлсизлигини асрашдек муқаддас бурчини адо этиш чоғида вафот этган мард ва жасур чегарачилар ҳаётига бағишланган “Юртга садоқат” видеофильми намойиш этилди.

Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари кенг жамоатчилик вакиллари билан марҳум сафдошлари хонадонида бўлиб, уларнинг оила аъзоларига совғалар топширди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА