ЎзА Ўзбек

23.09.2015 18:59 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Малакали кадрлар тайёрланмоқда

Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимини ислоҳ қилиш, соҳага малакали кадрлар етказиб беришни янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар юксак самаралар бермоқда.

Буни Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Қашқадарё вилояти кенгаши фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Вилоят кенгаши томонидан миллий армиямизга малакали ҳарбий-техник мутахассислар тайёрлаш, техник-амалий спорт турларини ривожлантириш ва оммалаштириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

– Ҳарбий хизматчиларда профессионал маҳоратни, билим ва малакани ошириш, фан-техника янгиликларини эгаллашига хизмат қиладиган қулай муҳит яратиш мудофаа тизимидаги ислоҳотларнинг асосий мақсадидир, – дейди “Ватанпарвар” ташкилоти Қашқадарё вилояти кенгаши раҳбари Бобур Язданов. – Бу бизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди. Қуролли Кучларимиз шахсий таркибини малакали мутахассислар билан таъминлашда миллий армиямизнинг жанговар салоҳияти ўз соҳасининг етук билимдони бўлган тажрибали ҳарбий-техник мутахассислар билан ҳам белгиланади. Бинобарин, ташкилотимизнинг шаҳар ва туман кенгашларида ҳарбий-техник мутахассислар тайёрлаш, ёшларни ўз Ватани ва халқига содиқ инсонлар этиб тарбиялаш, спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Ташкилот тасарруфида 1 шаҳар, 13 туман кенгаши, 15 ўқув спорт техника клуби мавжуд. Қарши ва Шаҳрисабз автомобиль мактаблари, вилоят техник ва амалий спорт турлари унитар корхонаси фаолият юритмоқда. Масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда маънавий-маърифий, ҳарбий-ватанпарварлик тарғиботи ва оммавий-ташкилий ишлар йўналиши бўйича кўплаб тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда. “Ватан келажаги сенинг қўлингда!”, “Жасорат, бурч, матонат” шиори остидаги тадбирлар шулар жумласидандир. Айниқса, ҳарбий хизматга чақирилувчи ёшлар ўртасида ўтказилаётган “Ёш чегарачилар”, “Шунқорлар”, “Ҳарбий амалий кўпкураш” мусобақалари ўқувчи-ёшларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Шаҳар ва туман кенгашлари қошидаги 64 бошланғич ташкилотининг 16 минг 475 аъзоси бор. Қарши шаҳри ва Шаҳрисабз туманидаги автомобиль мактабларида барча шароитлар яратилган. Ҳар бир йўналиш бўйича алоҳида синф хоналари ташкил этилиб, тегишли ўқув-кўргазмали воситалар билан жиҳозланган. Амалиёт хоналарида ўрнатилган замонавий техник жиҳозлар курсантларнинг ўқув дастурини пухта ўзлаштиришига кўмаклашмоқда. Бу ўқув муассасаларида радиотелефонист, дизелчи-электрик, ошпаз, “ВС” тоифали автомобиль ҳайдовчиси каби ҳарбий-техник мутахассислар тайёрланади. Ёпиқ спорт зали, ҳарбий-спорт мусобақаларига мўлжалланган майдонда курсантлар жисмоний чиниқиш машғулотларини ўтказади.

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг вилоят кенгашига қарашли қуйи ташкилотларда ҳарбий-амалий кураш, картинг, мотоспорт, ёзги биатлон, триатлон, ўқ отиш бўйича 64 тўгарак ва спорт секцияси фаолият юритмоқда. Барча қулайликларга эга мазкур спорт мажмуаларида 1 минг 300 дан зиёд спортчи мунтазам шуғулланмоқда.

Вилоят кенгаши терма жамоаси мамлакат чемпионати, биринчилиги ва кубоги бўйича ўтказилаётган мусобақаларда фаол иштирок этмоқда. Жумладан, шу йил Термиз шаҳрида ўтказилган триатлон бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақасида вилоят терма жамоаси аъзолари Юлдуз Жўраева ҳамда Арслон Турсунов, Чирчиқ шаҳрида бўлиб ўтган ёзги биатлон бўйича Ўзбекистон биринчилиги мусобақасида Гулчеҳра Қурбонова биринчи ўринни эгаллади. Бухоро шаҳрида ўтказилган пневматик милтиқдан ўқ отиш бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақасида Комила Равшанбекова иккинчи ўринга сазовор бўлди. Таъкидлаш керакки, бу каби спорт мусобақалари ёшларнинг жанговар тайёргарлиги ва маҳоратини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўлмас Баротов, ЎзА