Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.01.2015 11:47 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Мактабда жасорат дарслари

Наманган шаҳридаги 58-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб мардлик ва жасорат дарслари ўтказилди.

"Ватан – улуғ, бурчим муқаддас!" шиори остида ташкил этилган тадбирда Наманган шаҳридаги ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган бир гуруҳ сержант ва аскарлар бошланғич ва юқори синфларда ўтказилган мардлик ва жасорат дарсларида қатнашди. Машғулотларда ўқувчилар ватанпарварлик, истиқлол, Ватан ҳимоячиларининг жасоратларини тараннум этувчи шеърлар, саҳна кўринишларини ижро этди.

Сержант ва аскарлар ўқувчиларга замонавий миллий армиямизнинг бугунги салоҳияти, ҳарбийликнинг масъулияти, бу касбни эгаллаш учун киши қандай фазилатларга эга бўлиши лозимлиги, ёшликдан яхши ўқиш, спорт билан шуғулланиш, жисмоний ва маънавий жиҳатдан камолотга интилишнинг аҳамияти ҳақида гапириб берди.

– Қуролли Кучларимизнинг аскари, сержанти ёки офицери бўлишни мақсад қилганлар тайёргарликни бугундан, мактаб партасидан бошлаши керак, – дейди сержант Ҳайитмурод Маматқулов. – Бунинг учун Президентимиз томонидан баркамол авлод тарбияси йўлида кўрсатилаётган чексиз ғамхўрликларнинг самараси сифатида мактаб ҳамда лицейларда, коллежларда, махсус спорт мактаблари, болалар ижодиёти марказлари ва бошқа таълим муассасаларида кенг имкониятлар яратилган.

Тадбир доирасида мактаб ўқувчиларининг шаҳардаги ҳарбий қисмлардан бирига саёҳати ташкил этилди. Унда ёшлар ҳарбийлар ҳаёти ва у ерда яратилган шароитлар, ўқув-амалий машғулотлар билан танишди.

А.Сатторов, ЎзА