ЎзА Ўзбек

22.06.2015 19:44 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Лейтенантлар хизматга йўл олди

Лейтенантлар хизматга йўл олди Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида ёш офицерларнинг навбатдаги битирув маросими бўлиб ўтди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, битирувчилар ҳамда уларнинг оила аъзолари иштирок этди.

Президентимиз раҳнамолигида ҳарбийларнинг юқори профессионал қобилияти ва малакасини ошириш, уларнинг интеллектуал савиясини ҳар томонлама юксалтиришга қаратилган офицер кадрлар тайёрлаш тизими Қуролли Кучларимиз таркибини сифат жиҳатдан бутунлай ўзгартириш ва уларни бугунги кун талабларига жавоб берадиган, пухта тайёргарлик, замонавий фикрлаш қобилиятига эга офицерлар билан тўлдириш имконини бераётгани таъкидланди.

Мазкур ишлар самарасида мамлакатимиз Қуролли Кучлари офицерлар таркиби дунёқараши кенг, билим ва тажрибаси юқори, маънавий-ахлоқий фазилати юксак, мантиқий фикрлаш қобилиятига эга бўлган юқори малакали мутахассислар билан бойимоқда. Олий ҳарбий таълим муассасаларида илғор ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги замонавий ютуқлардан фойдаланган ҳолда, ўқув жараёнига инновацион усуллар жорий этилаётгани ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этаётир.

Олий ҳарбий таълим муассасаларида кадрларни илғор тажриба, замонавий методлардан фойдаланган ҳолда ўқитиш тизими жорий этилган. Ўқув-тарбиявий жараёнлар янги техник ва маънавий-ахлоқий асосда йўлга қўйилгани бўлажак офицерларни Ватанга муҳаббат, миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилаётир.

– Болаликдаги ҳарбий бўлиш орзуим коллежда “Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик” фанини ўқиб-ўрганиш асносида аниқ мақсадга айланди, – дейди самарқандлик Ғофур Боқиев. – Мақсадимга эришиш учун кўп қийинчиликларни енгиб ўтишга тўғри келди. Тўрт йил аввал олий ҳарбий таълим муассасасида ўқиш бахтига муяссар бўлганимда бир қувонган бўлсам, бугун офицерлик либосини кийганимдан минг қувонмоқдаман. Олган билим ва кўникмаларимни Ватанимизнинг мудом шундай тинч бўлиши учун сафарбар этаман.

Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ҳарбий оркестри жамоасининг концерт дастури тадбирга алоҳида завқ бағишлади.

Бекзод Ҳидоятов, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА