ЎзА Ўзбек

06.02.2015 15:09 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Ўктам ўғлонлар ҳарбий хизматга жўнаб кетди

Ўктам ўғлонлар ҳарбий хизматга жўнаб кетди

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мамлакатимизда муддатли ҳарбий хизматга чақирув бошланди. Тиббий кўрик ва синовлардан муваффақиятли ўтган сара йигитлар ҳарбий хизматга тантанали равишда кузатилмоқда.

Навоий вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида бўлиб ўтган шундай маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрийлар, чақирилувчиларнинг ота-оналари иштирок этди.

Бугун Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилиш йигитларимиз учун нафақат орзу, балки шон-шараф ишига айланди. Улар бунинг учун жисмонан соғлом, юқори интеллектуал салоҳият ва кенг дунёқарашга, юксак маънавий-руҳий тайёргарликка эга бўлиши лозим.

Навоий шаҳрида яшовчи Аҳрор Бўриевнинг синовлардан муваффақиятли ўтишида мактаб ва касб-ҳунар коллежида фанларни яхши ўзлаштиргани, спорт билан мунтазам шуғуллангани қўл келди.

– Ўз йигитлик бурчимни ўташ шарафига муяссар бўлаётганимдан хурсандман, – дейди Аҳрор. – Халқимиз томонидан билдирилган бу юксак ишончни оқлашга, ҳарбий хизмат давомида сафдошларимга ўрнак бўлишга ҳаракат қиламан.

Тадбирда Ватан, мардлик, садоқат ва жасоратни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.

Нуриддин Раҳимов, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА