ЎзА Ўзбек

06.06.2016 19:22 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Кўникма ва услубий маҳорат такомиллашмоқда

Тошкент ҳарбий округи дала-ўқув майдонларидан бирида округ қўшинларининг навбатдаги ҳарбий-амалий конференцияси ва кўргазмали тактик ўқув машғулотлари бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари, ҳарбий округ қўшинлари қўмондонларининг ўринбосарлари, тегишли ҳарбий қисм ва батальон командирлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари, қуруқликдаги қўшинлар вертолёт авиацияси ва артиллерия бўлинмалари масъул офицерлари, Қуролли Кучлар академияси, олий ҳарбий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тингловчилар ва курсантлар иштирок этди.

Бўлинмаларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш, жанговар шайлигини ошириш, ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий ҳаракатлар вақтидаги тажриба ва маҳоратини, мураккаб шароитларда ностандарт қарорлар қабул қилиш кўникмасини юксалтириш мақсадида ташкил этилган анжуман ва тактик ўқув машғулотлари уч босқичда ўтказилди.

Тактик ўқув машғулотларининг биринчи босқичида ҳарбий-амалий конференция ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондони, Президентимиз томонидан қўйилган устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Шундан сўнг дала-ўқув машғулотларини юқори даражада ташкиллаштириш ва ўтказиш, ўқув жойларини ташкил этиш, машғулотлар мобайнида жанговар қурол-яроғ ва ҳарбий техникалар имкониятидан, замонавий ахборот технологиялари ва алоқа воситаларидан кенг ва унумли фойдаланиш, қуруқликдаги қўшинлар вертолёт авиацияси билан узвий ва самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, ҳарбий хизматчиларнинг бу борадаги билим ва малакасини янада такомиллаштириш юзасидан маърузалар тингланди.

Куннинг иккинчи ярмида иштирокчилар эътиборига батальон бўлинмаларининг тактик ўқув машғулотларига тайёргарлигини кўрикдан ўтказиш, алоқа воситалари ва техникалари, шахсий анжомлари ва жамоавий ҳимоя воситалари, муҳандислик техникаларини тайёрлаш, батальонни қисқа вақтда жанговар шайликка келтириш ҳамда бўлинмаларнинг белгиланган ҳудудга чиқарилиши каби масалалар бўйича кўргазмали машқлар намойиш этилди.

Ўқув машғулотларининг иккинчи босқичида дала-ўқув майдонида ташкил этилган ўқув жойларида батальоннинг белгиланган ҳудудда жойлашуви, ҳимоя қилиниши, шахсий таркибнинг ахлоқий-руҳий таъминоти ва алоқани ташкиллаштириш ҳамда батальон ва взвод бошқарув ва қўмондонлик-кузатув пунктларини, муҳандислик, кимё кузатув, вертолёт майдончаси, ҳаво ҳужумидан мудофаа ва артиллерия бўлинмалари позициясини тайёрлаш, шунингдек, қуруқликдаги қўшинлар вертолёт авиацияси ва артиллерия бўлинмалари техникалари кўргазмаси, уларнинг жанговар имкониятлари ҳамда авиация, артиллерия ва жанговар бўлинмалар тактик ҳаракатини ўзаро уйғунлаштириш бўйича кўргазмали-амалий машғулотлар ўтказилди.

Тактик ўқув машғулотларнинг учинчи босқичида бўлинмалар томонидан дала-ўқув майдонида амалий тарзда қўйилган жанговар вазифа бажарилиши намойиш этилди. Дала-ўқув майдонига етиб келган жанговар бўлинмалар томонидан ҳудудни ўрганиш, ҳимоя позицияларини эгаллаш, ҳарбий техникаларни ниқоблаш ишлари сифатли даражада қисқа фурсатда бажарилди. Ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, бўлинмаларни реал вақт мезонлари асосида самарали бошқариш мақсадида ушбу машғулотда моделлаштириш ва симуляция воситаларидан кенг фойдаланилди.

– Бу каби амалий-кўргазмали машғулотларнинг тез-тез ўтказилиши биз, командирларнинг профессионаллик ва етакчилик қобилиятимиз янада ошиши, ўқув машқлари давомида замонавий ахборот-коммуникация воситалари ва технологияларидан кенг фойдаланиш ҳамда уни амалиётга изчил татбиқ этиш бўйича керакли малакага эга бўлишимизга пухта замин яратмоқда, – дейди капитан Т.Алимов. – Айниқса, гуруҳ таркибида ҳаракатланиш ва жанговар-ўқув вазифаларини бажариш бўйича амалий машқлар юксак савияда ўтди. Ўзаро тажриба алмашиш имкониятига ҳам эга бўлдик.

Тактик ўқув машғулотларида ҳар бир бўлинма ва ҳарбий мутахассислар ўз вазифаси доирасида белгиланган топшириқларни аъло даражада бажарганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу миллий армиямизда принципиал янги ташкилий-штат тузилмалар, ҳарбий бошқарув тизимлари, қўшин турлари ҳаракатларини мувофиқлаштириш ва уларнинг ҳамкорлигини таъминлаш механизмларини шакллантиришга қаратилган улкан ишлар амалга оширилганини намойиш этди.

Тактик дала-ўқув машғулотлари якунида бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар рағбатлантирилди.

Икром Аввалбоев, ЎзА