ЎзА Ўзбек

09.06.2015 20:26 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Изчил ислоҳотлар самаралари

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида фуқаролик назорати механизмлари мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 24 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузурида Жамоатчилик кенгашини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган мазкур кенгаш Ўзбекистон Қуролли Кучлари устидан самарали фуқаролик назорати механизмини шакллантириш ва Мудофаа вазирлиги фаолиятининг очиқ-ошкоралигини, фуқароларнинг мудофаа соҳаси ҳамда ҳарбий йўналишда амалга оширилаётган давлат сиёсатидаги иштирокини таъминлаш, миллий армиямиз ва аҳоли ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси, Ўзбекистон халқ шоири И.Мирзаалиев, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги шахсий таркиб билан ишлаш бошқармаси бошлиғи А.Қиличев ва бошқалар давлатимиз раҳбарининг қарорида белгиланган вазифалар асосида амалга оширилаётган изчил ишлар ўзининг юксак самараларини бераётганини таъкидлади.

Жамоатчилик кенгаши ҳузурида ташкил этилган бешта комиссия ўтган даврда мудофаа ва ҳарбий қурилиш соҳасига оид давлат сиёсати юзасидан жамоатчилик фикрини ўрганиш, ҳарбий хизматчилар, захирага бўшатилган фуқаролар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-ҳуқуқий муҳофаза қилиш, маданий-маърифий, ҳарбий-спорт тадбирларини ташкил этиш каби йўналишларда самарали фаолият кўрсатмоқда.

Жамоатчилик кенгаши томонидан олий ҳарбий таълим муассасалари ва ҳарбий қисмларда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, ёзувчи ва шоирлар, маданият ва санъат намояндалари иштирокида мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, ҳарбий хизматчиларда ватанпарварлик туйғусини кучайтиришга қаратилган қатор маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Уларда Ватан олдидаги муқаддас бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оилалари, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийларини ижтимоий муҳофаза қилиш, ёшлар ўртасида ҳарбий-ватанпарварлик мусобақаларини ўтказишга алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олди.

Зиёдулла Жонибеков, ЎзА