ЎзА Ўзбек

22.02.2016 11:17 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Имтиёзли тавсиянома билан янги мақсад сари

Имтиёзли тавсиянома билан янги мақсад сари Марказий ҳарбий округнинг Жиззах вилоятида жойлашган ҳарбий қисмларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, Қуролли Кучлар резервига бўшатилган аскарларнинг бир гуруҳига олий ўқув юртларига ўқишга киришда қўшимча имтиёз берувчи ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасини топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2012 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида белгиланган имтиёзлар ёшларни ҳарбий хизматни аъло даражада ўташга рағбатлантирувчи омиллардан бири бўлмоқда.

Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати кенгаши, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, вилоят хотин-қизлар қўмитаси вакиллари, ҳарбий қисмлар командирлари иштирок этган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз мудофаа тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида миллий армиямиз ёшларимиз учун шон-шараф ишига айлангани алоҳида таъкидланди.

– Давлатимиз томонидан биз, ёшлар ўз орзу-интилишларимизни рўёбга чиқаришимиз учун алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилмоқда, – дейди бухоролик оддий аскар Баҳодир Нуров. – Ҳарбий қисмда жисмонан янада чиниқиш, интеллектуал салоҳиятимизни юксалтириш учун барча шароит мавжуд. Муддатли хизматни аъло даражада ўташ билан бирга, тест синовларини ҳам муваффақиятли топшириб, қисм қўмондонлигининг тавсияномасини олдим. Энди ўзим хоҳлаган олий ўқув юртида таҳсил олиб, келажакда Ватанимиз равнақига ҳисса қўшишни қатъий мақсад қилганман.

Тошқул Бекназаров, Шерзод Назаров (сурат), ЎзА