Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.02.2014 17:14 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Йигитлар ҳарбий хизматга кузатилди

Ватан ҳимоячиси бўлишдек муқаддас бурчини адо этиш истагида бўлган йигитлар сафи йил сайин кенгайиб бормоқда. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, хусусан, танлов асосида ҳарбий хизматга чақиришнинг жорий этилгани ўз самарасини бераётир. Ҳарбий хизматга ҳар томонлама соғлом, чуқур билим ва етук маънавий-ахлоқий хислатларга эга сара йигитлар қабул қилинмоқда.

Андижон шаҳрида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитларни тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимлиги, мудофаа ишлари бошқармаси, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши вакиллари ҳамда ота-оналар иштирок этди.

– Юртбошимиз ташаббуси билан ҳарбий хизматга чақирилаётган йигитларни тантанали тарзда кузатиш яхши анъанага айланди, – дейди вилоят мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи Шокиржон Жуманиёзов. – Бундай тадбирларни мазмунли, бир умр эсда қоларли тарзда ўтказиш учун вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, шаҳар ва туманлар мудофаа ишлари бўлимлари чақирув пунктларида зарур шароит ва қулайликлар яратилган. Муддатли ҳарбий хизматга жўнаб кетаётган йигитлардаги иштиёқ, шижоат ва жисмоний етуклик кишининг ҳавасини келтиради. Уларнинг аксарияти “Ватанпарвар” ташкилотининг спорт-техника клубларида таҳсил олиб, турли мутахассислик ва маълум тайёргарликка эга бўлган ҳолда ҳарбий хизматга йўл олишмоқда.

– Кўзидан ўт чақнаб турган бу йигитларни кўриб, ўзимнинг ёшлик йилларим эсимга тушди, – дейди набирасини кузатиш учун келган отахон Набижон Олимжонов. – Бизнинг давримизда ҳарбий хизматга чақирув қоғозини олиш ота-онада хавотир ва ташвиш уйғотарди. Турли касалликларни баҳона қилиб, иложи борича армиядан қолиш йўллари қидириларди. Энди эса бунинг мутлақо акси. Бу Юртбошимизнинг эътибори ва ғамхўрлиги самарасидир. Бугун ҳарбий хизматга отланаётган йигитлар ўша йиллардаги тенгдошларидан кескин фарқ қилади. Чунки бу ёшларнинг маълумоти ҳамда ҳунари бор.

Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов сўзга чиқди.


ЎзА, Ф.Убайдуллаев