ЎзА Ўзбек

06.02.2015 18:34 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Эзгу мақсадинг ижобат бўлсин, Исломбек!

...Мени армияга чақиришганида техникумда ўқирдим. Бундан хабар топган отамнинг ранги докадек оқариб кетди, онам йиғлаб юборди. Кетар чоғим онам ирим қилиб, кузатгани чиқмади. Отам ортимдан вокзалгача борди ва аллақандай ҳадик, қўрқув исканжасида хайрлашди. Ота-онамнинг бу ҳолатини сафдош ҳамқишлоғим миллатчилик туфайли ҳалок бўлганида ич-ичимдан ҳис қилдим. Ўша йиллари ўз оёғи билан армияга кетган йигитнинг тобутда қайтиши оддий ҳол эди.

Буларни бизга Тошкент вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитларнинг дастлабки гуруҳини кузатишга бағишлаб ўтказилган маросимда иштирок этган бўкалик Абдуғани Каримов сўзлаб берди.

– У кунларнинг даҳшатли хотиралари унут бўлмоқда, – дейди Абдуғани ака мамнунлик билан. – Президентимиз раҳнамолигида халқимиз осойишталиги ва сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга қодир профессионал армиямиз шакллантирилди. Эр киши Ватан учун туғилади, дейишади. Рост гап. Бугун ўз йигитлик бурчини адо этаётган мард ўғлонларимиз сафига фарзандимиз Исломбекнинг ҳам қўшилаётгани, онаси иккимизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлаётир.

Болалигидан ҳарбий бўлишни ва шу соҳада ишлашни орзу қилган Исломбек бугун орзуси ижобат бўлаётганидан, муддатли ҳарбий хизматга қабул қилинганидан хурсандлигини яширолмай шундай дейди:

– Биласиз, мамлакатимиз кино ижодкорлари ҳарбийлар фаолиятидан ҳикоя қилувчи бир қанча фильмларни суратга олган. Ҳар сафар уларни томоша қилганимда жуда таъсирланиб кетаман. Ўзимга ўзим: “Агар моҳир ҳарбий бўлсам, ижодкорлар мен ҳақимда ҳам кино олишади”, дейман. Бу ҳам бир хаёл-да. Лекин бунга осонликча эришиб бўлмаслигини яхши тушунаман. Ҳарбий хизматга олинганимнинг ўзи катта имконият. Бундан фақат ва фақат унумли фойдаланиб, ҳар томонлама улғаяман. Олий ҳарбий таълим муассасасида ўқиб, ота-онамнинг, Ватанимнинг ишончини оқлайман.

Президентимизнинг 2014 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилган кузатув маросимида Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини кучайтиришга қаратилаётган алоҳида эътибор, муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган ёшларга берилаётган имтиёзлар ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди. 

Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлимлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда ҳарбий хизматга жўнаб кетаётган йигитларга совғалар топширилди.

Беҳзод Ҳидоятов, ЎзА