ЎзА Ўзбек

17.03.2014 21:12 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш йўлида

Президентимизнинг 2014 йил 3 мартда қабул қилинган қарорига мувофиқ Тошкент Олий умумқўшин қўмондонлик билим юртида ташкил этилган Васийлик кенгашининг дастлабки кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда вазирлик ва идоралар, Тошкент Олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, журналистлар иштирок этди.

Замонавий фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган, юксак маҳорат ва маънавий-ахлоқий хислатларга эга ҳарбий кадрлар тайёрлаш самарадорлигини ошириш Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Ислом Каримов томонидан Ватан ҳимоячилари олдига қўйилган муҳим вазифалардан биридир. Бу жараёнда сўнгги йиларда ҳарбий-ватанпарварлик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларда бевосита иштирок этаётган кенг жамоатчилик ҳам алоҳида ўрин тутмоқда.

2012 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузурида Жамоатчилик кенгашининг ташкил этилиши мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларининг жамоатчилик назоратини кучайтириш, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида ҳаётга татбиқ этилаётган ишларнинг ёрқин ифодасидир. Мазкур кенгаш Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари фаолиятида очиқ-ошкораликни таъминлаш, ҳарбий хизмат нуфузини ошириш, ҳарбий хизматни ўтаётган ва армия сафига чақирилаётган ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда фаол иштирок этаётир. Мухтасар айтганда, ўз сафида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ижодкорлар, маданият ва санъат намояндалари, олимларни бирлаштирган Жамоатчилик кенгаши халқ ва армия ўртасида муҳим боғловчилик вазифасини ўтамоқда.

Тошкент Олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти Васийлик кенгашининг ташкил этилгани эса бу борадаги навбатдаги қадам бўлди. Унинг таркибига Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “Ўзбеккино” миллий агентлиги ва бошқа кўплаб давлат ва жамоат ташкилотларининг масъул ходимлари киритилган.

Тошкент Олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти Васийлик кенгашининг асосий вазифалари олий ҳарбий таълим муассасаларини ривожлантиришга кўмаклашиш, бўлажак офицерлар – курсантларда ватанпарварлик, Ватанга садоқат туйғусини кучайтириш, ҳарбий кадрларни тарбиялаш ва ўқитиш жараёнини такомиллаштиришга доир таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқиш, курсантлар ва уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда давлат ҳамда жамоат ташкилотлари саъй-ҳаракатларини бирлаштиришдир.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзаалиев Тошкент Олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти Васийлик кенгашининг раиси этиб сайланди.


ЎзА, Сардор Тожиев