ЎзА Ўзбек

23.11.2012 15:23 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Ёшлар ватан ҳимояси учун доимо тайёр

Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш – Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир.

(Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 52-модда.)

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида замон талабларига тўла жавоб берадиган профессионал миллий армияни шакллантириш жараёнида муддатли ҳарбий хизматни ўташ шарт-шароитларини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 20 ноябрда қабул қилинган "Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида муддатли ҳарбий хизматни ўташ шарт-шароитларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.

Мазкур фармон асосида Қашқадарё вилоятида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда чақириққача ёшларни тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани самарасида миллий армиямиз сафларида ҳар жиҳатдан соғлом, мард, жасур ва фаол ҳаётий позицияга эга ёшлар кўпаймоқда. Йигитларни муддатли ҳарбий хизматга тайёрлашда жойлардаги мудофаа ишлари бўлимлари, таълим муассасалари ва маҳаллаларда олиб борилаётган маънавий-тарбиявий ишлар, айниқса, муҳим аҳамият касб этмоқда.

– Айни кунларда вилоятдаги барча ўзини ўзи бошқариш органларида мудофаа ишлари бўлими ходимлари билан ҳамкорликда чақирилувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирокида учрашувлар ўтказилмоқда, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси вазифасини бажарувчи Мейли Пўлатов. – Уларга муддатли ҳарбий хизмат ҳамда сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат бўйича тартиб-қоидалар атрофлича тушунтирилмоқда. Ҳарбий қисм ва муассасаларда яратилган шарт-шароитлар, ҳарбийларга берилаётган имтиёзлар, соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида кенг маълумот берилаётир.

Ёшларнинг ҳарбий соҳага қизиқиши таълим тизимида жорий этилаётган чақириққача ёшларни тайёрлаш фанини ўқитиш жараёнида шаклланади. Бу фан ўқитиладиган академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида дарсларнинг сифатли ўтилишига, ёшларнинг ҳарбий тартиб-интизом, қурол-яроғдан фойдаланиш бўйича назарий билим ва амалий кўникмаларини бойитишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мамлакатимизнинг барча жойларида бўлгани каби айни кунларда Қарши шаҳрида ҳам мудофаа ишлари бўлими ва мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш, тест синови орқали интеллектуал даражасини аниқлаш, жисмоний тайёргарлигини баҳолаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Жорий йилда Қарши банк коллежини тамомлаган Маъруф Латипов муддатли ҳарбий хизматга пухта тайёргарлик кўриб келаётган ёшлардан. Коллежни аъло баҳоларга битирган бу йигит беш йилдан буён спортнинг қўл жанги тури билан шуғулланади.

– Спорт билан мунтазам шуғулланганим учун бўлса керак, жисмоний тайёргарлик синовларида энг юқори балл тўпладим, – дейди М.Латипов. – Давлат тест маркази ходимлари томонидан яқинда ўтказилган тест синовида ҳам юқори натижаларга эришишимда коллежда олган билимларим қўл келди.

Қарши шаҳар мудофаа ишлари бўлимида ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш замонавий талаблар асосида ташкил этилган. Бўлажак аскарларни тиббий кўрикдан ўтказаётган малакали шифокорлар барча зарур тиббий жиҳозлар билан таъминланган. Чақирилувчилар шу ернинг ўзида дерматолог, жарроҳ, стоматолог, лор, асаб тизими ҳамда кўз касалликлари шифокорлари кўригидан ўтаётир.

– Ҳозир муддатли ҳарбий хизматга шайланаётган йигитлар илгариги чақирилувчиларга нисбатан соғлом ва бақувват, энг муҳими, уларнинг қалбида она Ватанга садоқат ва фидойилик билан хизмат қилишдек олижаноб туйғулар кучли, – дейди Қарши шаҳар мудофаа ишлари бўлими чақирув комиссияси аъзоси, олий тоифали шифокор Соҳиба Азизова. – Яна бир жиҳати, улар бир неча хорижий тилларни ва компьютерда ишлашни яхши ўзлаштирган муайян касб эгаларидир.

Буларнинг барчаси Юртбошимиз раҳнамолигида мудофаа ишлари бўлимларининг йиғин ва чақирув пунктлари инфратузилмасини ривожлантириш, моддий-техник ашё ва тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланишини янада яхшилаш, чақирув ёшидаги йигитларни армияга тайёрлаш, муддатли ҳарбий хизматни ўташ тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасидир.


ЎзА, Ф.Холмирзаев, Жамшид Норқобилов (сурат)