ЎзА Ўзбек

31.12.2017 16:18

Дадажонимдай мард, жасур ҳарбий бўламан!

Дадажонимдай  мард,  жасур  ҳарбий бўламан!

Наманганда ўтказилган “Президент арчаси” байрам тадбирига Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, кам таъминланган оилалар ҳамда хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган ички ишлар ходимлари, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари таклиф этилди.

Байрам тадбирида мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол улғайиши, замонавий таълим-тарбия олиши учун барча шароит муҳайё этилаётгани таъкидланди.  270 нафар ўғил-қизга 12 турдаги ўқув қуроллари ва 15 турдаги  ширинликлардан иборат Президент совғалари топширилди.

– Мен бу ерга укаларим Асилбек ва Асадбек билан келдим, – дейди Косонсой туманидаги 32-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Аҳрорбек Омонуллаев. – Дадам ҳарбий эдилар, хизмат пайтида ҳалок бўлганлар. Биз, дадамиз билан фахрланамиз, чунки у кишининг қаҳрамонлиги ҳақида уйда ойижоним, мактабда устозларим гапириб беришади. Кейин ҳар йили мана шундай байрамларда дадамизни ҳурмат билан тилга олишади. Бугун ҳам “Мард отага муносиб ўғил бўлгин” деб Президентимиз юборган совғаларни беришди. Укаларим билан хурсанд бўлдик. Президентимизга раҳмат айтамиз ва катта бўлсак биз ҳам дадамиздек мард ва жасур ҳарбий хизматчи бўлишга ваъда берамиз.

“Қорбобонинг совғаси” спектакли, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, мактабгача таълим муассасалари бадиий жамоаларининг мусиқий композицияли чиқишлари болажонларга чексиз қувонч улашди.


А.Сатторов, ЎзА