ЎзА Ўзбек

13.01.2017 15:23 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Чирчиқ шаҳрида ҳарбий хизматчилар болажонларга байрам совғалари топширди

Мамлакатимиз Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Чирчиқ шаҳридаги 14-Меҳрибонлик уйида ўтказилган маданий-маърифий тадбирда бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар болажонларга байрам совғалари топширди.

Чирчиқ гарнизонида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучларимиз фахрийлари, Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги вакиллари, ўқитувчилар, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари иштирок этган тадбирда Биринчи Президентимиз раҳнамолигида шакллантирилган замонавий миллий армиямиз Ватанимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва халқимиз осойишталигининг ишончли ҳимоячиси экани алоҳида таъкидланди.

Ватан ҳимоячилари болаларнинг ҳарбийлар ҳаётига оид кўплаб саволларига жавоб бериб, ўзларига яратилган шароит ва имтиёзлар ҳақида фахр билан сўзлаб берди.

– Муассасамизда бундай маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш мунтазам йўлга қўйилган, – дейди 14-Меҳрибонлик уйи директори Фарида Кенжаева. – Болажонларимиз ҳар бир тадбирда фаол иштирок этиб, бадиий чиқишлар, саҳна кўринишлари, турли викториналар ташкил этади. Бугун ҳарбийликка, Ватан ҳимоячиси бўлишдек шарафли касбга меҳри баланд ўғил-қизларимизнинг қувончи байрамга янада кўтаринкилик бағишлади.

Болажонлар ижросидаги концерт дастури тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Икром Аввалбоев, ЎзА