ЎзА Ўзбек

04.09.2016 15:11 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Чегарачиларга эсдалик нишонлари топширилди

Термизда Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинларининг бир гуруҳ офицерлари, шартнома асосида хизмат қилаётган оддий аскар ва сержантларни “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Мустақиллик йилларида Президентимиз раҳнамолигида Қуролли Кучларимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида мамлакатимиз суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга қодир, замонавий қурол-яроғ, техника ва етук ҳарбий мутахассислар билан таъминланган профессионал миллий армиямиз шакллантирилгани таъкидланди. Бу жараёнда ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ватанимиз сарҳадларини, аждодларимиз хоки ётган муқаддас тупроғимизни ташқи таҳдид ва хатарлардан ишончли қўриқлаётган, халқимизнинг улкан бунёдкорлик меҳнатини ҳимоя қилиб, осойишталигини таъминлаётган мард ва жасур чегарачиларимизнинг ғоят шарафли, айни пайтда ўта машаққатли хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланаётир.

Офицер Фахриддин Саломов ёш чегарачиларга соҳа сирларини пухта ўргатиш борасидаги хизматлари учун II даражали “Шон-шараф” ордени ва “Жасорат” медали билан мукофотланган. Энг улуғ, энг азиз байрамимиз муносабати билан чегарачига “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони ҳам топширилди.

– Бу рағбат мени Ватан хизматида бўлишга, ёш чегарачиларга касб маҳоратини янада пухта ўргатишга ундайди, – дейди Ф.Саломов. – Ҳарбий қисмларда чегарачилар учун барча қулайликлар яратилган. Ўқув-тактик машғулотларни ўтказиш хоналари замонавий компьютер ва бошқа кўргазмали қуроллар билан жиҳозланган. Шинам ошхона, алоҳида хоналардан иборат замонавий ётоқхона, спорт зали ва спорт майдончалари, кутубхона аскарлар хизматида. Бугун Ватанимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигига муқаддас бурч, энг юксак шараф сифатида қаралаётганидан фахрланамиз.

Шартнома асосида хизмат қилаётган кичик сержант Улуғбек Ҳалимжонов бу йил 31 ёшни қарши олди. 12 йилдан буён юртимиз тинчлигини таъминлаш ва муддатли ҳарбий хизмат бурчини ўтаётган аскарларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

– Ватан ҳимояси муқаддас ва шарафли бурч эканини муддатли ҳарбий хизмат давомида янада теран англаб етганман, – дейди у. – Муддатли хизмат даврида соҳа сирларини пухта ўргандим, билим ва тажрибамни оширдим, жисмонан чиниқдим. Бу менда шартнома асосида хизматни давом эттиришга катта қизиқиш уйғотди. Ватан олдидаги камтарона хизматларим мустақиллик байрами арафасида муносиб тақдирланганидан хурсандман.

Ватанимизни ташқи таҳдид ва хатарлардан ишончли ҳимоя қилишдаги аъло хизматлари учун “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони билан тақдирланган чегарачилар сафида шартнома асосидаги матрос Шарофиддин Муҳаммадиев ҳам бор.

– Бу мукофот Ватаннинг она каби буюк ва муқаддаслигини, ҳар бир қарич тупроғи азиз ва мўътабарлигини янада теран ҳис қилишимизда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Шарофиддин. – Ҳарбий-тактик машғулотлар замонавий усулда олиб борилади. Дарё орқали чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш учун зарур қулайлик яратилган.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА