ЎзА Ўзбек

04.04.2016 13:19 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Чегарачилар учун янги уйлар

Чегарачилар учун янги уйлар Сурхондарё вилояти Музработ туманида Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинларининг бир гуруҳ ҳарбий хизматчилари оилаларига мўлжалланган икки қаватли учта янги уй фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик клублари аъзолари иштирок этди.

Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ислом Каримов раҳнамолигида замонавий қурол-яроғ, ҳарбий техника ва профессионал мутахассислар билан таъминланган миллий армиямизни барпо этиш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Бу жараёнда ҳарбийларни уй-жой билан таъминлаш, Ватан ҳимоячилари учун қулай ижтимоий-маиший шароитга эга ҳарбий шаҳарчалар барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2015 йили Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳри ва Жарқўрғон туманида юзга яқин чегарачи янги уйга кўчиб ўтган бўлса, жорий йилда Узун туманида 40 оилага мўлжалланган замонавий уй қурилиши бошланди. Қўшни давлатлар билан чегарадош Музработ туманида қад ростлаган, 48 хонадонга мўлжалланган замонавий уйлар ҳам ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларига кўрсатилаётган доимий эътибор самарасидир.

– Ёшларимизда ҳарбий соҳада хизмат қилиш иштиёқи кучайиб бораётганидан фахрланамиз, – дейди музработлик меҳнат фахрийси Умбар бобо Шарипов. – Бизнинг давримизда муддатли ҳарбий хизматдан олиб қолиш учун ота-оналар фарзандининг соғлиғи билан боғлиқ турли важларни баҳона қиларди. Энди бари бошқача. Ота-оналар фарзандининг ҳарбий либос кийишини, Ватан ҳимоячиси деган юксак шарафга сазовор бўлишини жуда истайди.

Вилоятдаги “Саодатбону – Азиза – Термиз” хусусий корхонаси қурувчилари томонидан тез, сифатли бунёд этилган ҳарбийлар шаҳарчасида чегарачилар ва уларнинг оила аъзолари учун барча шароит яратилган. Хоналар кенг, ёруғ. Ошхона ва бошқа қўшимча хоналар замонавий усулда жиҳозланган. Шаҳарча ҳудудида мевали ва манзарали дарахтлар экилиб, гулзор барпо этилган. Ҳарбийларнинг фарзандлари учун замонавий ўйин майдончалари қурилган.

– Уч хонали янги уйда оиламиз учун барча қулайлик бор, – дейди шартнома асосида хизмат қилаётган кичик сержант Дониёр Юсупов. – Бу ерда яратилган шароитлардан фарзандларимиз айниқса хурсанд. Бу биз, ҳарбийларнинг ўз вазифамизни хотиржам адо этишимиз ва сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Қуролли Кучларимиз тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар чегараларимизда шартнома асосида хизмат қилаётган сержантларни миллий армиямизнинг ишончли суянчи ва мустаҳкам қалқонига айлантирди. Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида туғилиб ўсган, бугун шартнома асосида хизмат қилаётган оддий аскар Ўрол Бердиев ҳам жанубий сарҳадларимиз дахлсизлигини, халқимизнинг осойишта ва обод турмушини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда. Турмуш ўртоғи Шаҳноза Муҳаммадиева тумандаги 55-умумтаълим мактабида ёш авлодга чет тилидан сабоқ беради.

– Икки ўғилни тарбиялаб, вояга етказмоқдамиз, – дейди Ш.Муҳаммадиева. – Ҳовлида фарзандларимиз учун замонавий ўйин майдончаси ҳам барпо этилган. Бу каби қулайликлар оиламизнинг тинчлиги, турмуш ўртоғимнинг хизмат чоғида оиладан кўнгли хотиржам бўлишини таъминлайди. Хизмат сифати ва самарадорлигини оширишга кўмаклашади. Бундай шароитларни яратиб бераётган Президентимиздан миннатдормиз.

Тадбирда чегарачиларнинг фарзандларига совғалар улашилди. Ватан, тинчлик, ёшлик, муҳаббат ва садоқатни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.

Холмўмин Маматрайимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА