ЎзА Ўзбек

28.03.2016 12:55 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Чегарачилар қасамёд қилди

Чегарачилар қасамёд қилди Термизда Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари сафларида муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун келган ёш аскарларнинг тантанали қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскарларнинг ота-оналари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти, ҳарбий сафарбарлик ва фавқулодда вазиятлар масалалари бўйича гуруҳ раҳбари А.Каримов, Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари масъул офицерлари, аскар онаси М.Тоирова, оддий аскар О.Бегимов ва бошқалар мамлакатимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш ёшларимиз учун нафақат конституциявий бурч, балки юксак шон-шараф ишига, том маънодаги ҳаёт мактабига айланганини алоҳида таъкидлади.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилган ислоҳотлар самарасида замонавий қурол-яроғ, техника билан таъминланган миллий армиямиз барпо этилди. Ҳарбий тузилмаларда соғлом маънавий, ахлоқий-руҳий муҳит яратилиб, муддатли ҳарбий хизмат бир йилгача қисқартирилди. Бу жараёнда ёшларни ҳарбий хизматга чақирув тартиби ва йиғин пунктларининг инфратузилмаси тубдан янгиланди. Сафарбарлик чақирув мавсуми учун қулай муддат белгиланиб, ҳарбий хизматга жисмонан соғлом, юксак салоҳиятли ёшларни саралаб олиш тизими жорий этилди. Муддатли ҳарбий хизматни шараф билан ўтаган йигитларнинг ишга жойлашиши ва олий ўқув юртларига ўқишга киришида имтиёзлар белгиланди.

Ватан посбонларига кўрсатилаётган бундай ғамхўрликлар аскарларнинг ота-оналари ва яқинлари қалбида ўзгача ҳавас уйғотиб, фарзандларининг бахтли ҳаёти ва обод, фаровон келажагимизга ишонч ҳиссини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётир.

Мамлакатимизнинг жанубий сарҳадларини кўз қорачиғидек асраш мақсадида муддатли ҳарбий хизматга келган ўғлонлардан бири Достон Нарзуллаев Жиззах вилоятининг Аламли маҳалласида туғилган. Болаликдан ҳарбий бўлишни орзу қилган Достон аъло баҳоларга ўқиб, жисмонан чиниқди. Ўтган йили Ғаллаорол иқтисодиёт касб-ҳунар коллежини тугатиб, муддатли ҳарбий хизматга астойдил ҳозирлик кўрди. Унинг тантанали қасамёд қилгани отаси Рустам Қурбонов, онаси Гулсара Қурбонова ва бошқа яқинларида фахр-ифтихор туйғусини янада юксалтирди.

– Бугун қабул қилган ҳарбий қасамёдимга бир умр содиқ қоламан, – дейди Д.Нарзуллаев. – Ҳарбий қисмда соҳани янада чуқур ўзлаштириш учун барча шароит яратилган. Конституциявий бурчимни ўтаб бўлгач, шартнома асосида ҳарбий хизматни давом эттирмоқчиман.

Тадбирда чегарачиларнинг жисмоний ва жанговар тайёргарлик бўйича намойиш этган кўргазмали чиқишлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Тинчлик, Ватан ва садоқатни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради.

Холмўмин Маматрайимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА