Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.02.2015 18:42 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик – таълим-тарбиянинг муҳим бўғини

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маърифат марказида “Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик бўйича энг яхши таълим муассасаси” ва “Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик бўйича энг яхши ўқитувчи” республика танловлари ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, шунингдек, касб-ҳунар коллежи ва академик лицейлар ўқитувчи ҳамда ўқувчилари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Қ.Жўраев, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ф.Муҳаммаджонова ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида таълим муассасаларида ўқувчиларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг ажралмас бўғини бўлган чақирувга қадар бошланғич тайёргарликнинг самарали тизими яратилганини таъкидлади. Мазкур фанни ўқитиш кўп жиҳатдан ўқитувчининг касб маҳоратига боғлиқ. Ўқитувчилар нафақат билим бериши, балки ўз Ватанини ҳимоя қилишга қодир бўлган кучли шахсни тарбиялаши лозим.

Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик – касб-ҳунар коллежи ва академик лицейлар ўқув дастурига киритилган мажбурий фан. Ушбу фан ҳақиқий ватанпарварларни шакллантириш, ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг фуқаролик бурчини бажариш учун тайёргарлигини оширишга хизмат қилаётир.

Ўзбекистон Республикасининг “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонуни чақирилувчиларни ҳарбий хизматга тайёрлаш сифатини яхшилаш, таълим муассасаларида ёшларнинг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлигини ташкил этишни такомиллаштиришда муҳим омил бўлмоқда. Мазкур ишлар доирасида ҳар йили “Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик бўйича энг яхши таълим муассасаси” ва “Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик бўйича энг яхши ўқитувчи” республика танловлари ўтказиб келинаётир. Танловларнинг асосий мақсади чақирувга қадар бошланғич тайёргарликни ташкил этишни такомиллаштириш, ёшларни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, ҳарбий хизматга тайёрлаш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида маҳаллий ҳокимият, жамоат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, касб-ҳунар коллежи ва академик лицейларнинг моддий-техник базасини янада такомиллаштиришдан иборат.

Ургут савдо ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Н.Қосимов “2014 йилнинг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик бўйича энг яхши ўқитувчиси” номинациясида биринчи ўринга лойиқ топилди. Хўжаобод педагогика ижтимоий-иқтисодиёт коллежи ўқитувчиси А.Бўтаев иккинчи, Наманган муҳандислик-педагогика институти қошидаги 2-академик лицей ўқитувчиси А.Йўлдошев ва Урганч санъат коллежи ўқитувчиси К.Раҳмонов учинчи ўринни эгаллади.

– Ёшларга шу фандан сабоқ бераётганимга йигирма йилдан ошди, – дейди Н.Қосимов. – Бу фан ҳар бир ўқувчи учун ғоят муҳимдир. Коллежимиз яхши моддий-техник базага эга. Ундан чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанини ўқитишда самарали фойдаланмоқдамиз. Бу ерда олинган назарий ва амалий билим ўқувчиларимизга муддатли ҳарбий хизматни ўташда ёрдам беради.

“2014 йилнинг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик бўйича энг яхши таълим муассасаси” номинациясида Қибрай энергетика касб-ҳунар коллежи биринчи, Қўқон автотранспорт касб-ҳунар коллежи иккинчи, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти қошидаги академик лицей ва Навоий кончилик касб-ҳунар коллежи учинчи ўринни эгаллади.

Роман Бондарчук, ЎзА