ЎзА Ўзбек

20.05.2015 21:13 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Чақириққача тайёргарлик масаласига бағишланди

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида ёшларни чақириққача ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш масаласига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти марказий кенгаши, Тошкент шаҳри ва вилоятидаги техника ҳамда автомобиль мактаблари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Бош штаби бошқарма бошлиғи У.Қодировнинг сўзларига кўра, айни пайтда муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчилар “Ватанпарвар” ташкилоти таркибига кирадиган бирлашган техника ва автомобиль мактабларида бепул ўқиши мумкин. Ушбу мактабларда машғулотлар ўтказиш, танлаган мутахассислик бўйича зарур назарий ҳамда амалий кўникмаларни эгаллаш учун барча шароит яратилган.

Ёшларни ҳарбий хизматга пухта тайёрлаш, уларнинг билим ва кўникмасини ошириш мақсадида “Ватанпарвар” ташкилоти ўқув юртлари дастурларига «Умумқўшин тайёргарлиги», «Жисмоний тайёргарлик» фанлари киритилган. Бундан ташқари, ҳар йили хизматга чақирилувчи ёшлар ўртасида ҳарбий-амалий кўпкураш бўйича мусобақалар ўтказилаётир.

Матбуот анжуманида ҳарбий-техник мутахассисларни тайёрлаш муддатлари, “Ватанпарвар” ташкилотининг ўқув муассасаларида ўқиш учун номзодларга қўйиладиган талаблар ҳақида сўз юритилди.

Тадбирда журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.

Роман Бондарчук, ЎзА