ЎзА Ўзбек

08.04.2016 11:37 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

“Бургут” жамоаси ғолиб

“Бургут” жамоаси ғолиб Нукусда “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмита, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси бўлими, ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда танловнинг қуйи босқичларида ғолиб бўлган 6 жамоа 12 шарт бўйича ўзаро баҳслашди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Иброҳимова, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси О.Дониёров ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида жисмонан ва маънан соғлом, интеллектуал салоҳиятли авлодни вояга етказиш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Мусобақада жамоалар саф тортиш, сафда қўшиқ айтиб юриш, ҳарбий либослар, ижтимоий-сиёсий, ҳарбий соҳага оид ва давлат чегаралари тўғрисида, Президент асарлари ва инглиз тили бўйича билимини намойиш этди. Югуриш, турникда тортилиш бўйича куч синашди.

Амударё мелиорация ва сув хўжалиги касб-ҳунар коллежининг “Бургут” жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, мусобақанинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Иккинчи ўрин Хўжайли агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг “Қалқон”, учинчи ўрин Шуманай агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг “Қалқон” жамоаларига насиб этди.

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА