ЎзА Ўзбек

22.06.2015 15:02 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Битирувчиларга диплом топширилди

Битирувчиларга диплом топширилди Мамлакатимизда ички ишлар тизимини ислоҳ қилишга қаратилган чора-тадбирлар ўз самараларини бермоқда. Ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши курашишнинг замонавий усул ва воситаларидан кенг фойдаланган ҳолда жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизими қарор топгани шу мақсадга хизмат қилаётир.

Соҳани юксак малакали, профессионал кадрлар билан таъминлаш ҳам доимий эътиборда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси, Ёнғин хавфсизлиги Олий техник мактаби, Тошкент Олий ҳарбий-техник билим юртида ана шундай кадрлар тайёрланмоқда.

Айни кунларда мазкур даргоҳларда ўқишни тамомлаётган ёшлар халқимиз осойишталигини сақлашдек муқаддас бурчини адо этишга йўл олаётир.

Ички ишлар вазирлиги академиясида навбатдаги битирув тантанаси бўлиб ўтди – кундузги таълим ва олий академик курсни тугатган тингловчиларга дипломлар топширилди.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири А.Аҳмадбоев, академия бошлиғи Ш.Икромов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз ички ишлар тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар эл-юртимиз тинчлиги ва осойишталигини янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

Мазкур академияда ички ишлар органлари учун тергов, тезкор-қидирув, жиноятларнинг олдини олиш, эксперт-криминалистик фаолият йўналишлари бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрланади. Тингловчилар учун бой захирага эга ахборот-ресурс маркази, беш юз минг нусхадан зиёд китоб фондига эга кутубхона фаолият кўрсатмоқда. Инновацион педагогик технологиялар, одам савдоси ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш, криминалистик тадқиқотларни ўрганиш, намунали милиция таянч пункти, инсон ҳуқуқлари ресурс марказлари, тергов фаолияти мутахассислиги бўйича ўқув-методик хонаси, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган маъруза заллари курсантлар ихтиёрида.

Бундай кенг имкониятлардан унумли фойдаланиб, ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб етишиб чиқаётган кадрлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда самарали фаолият кўрсатмоқда.

– Юртимиз осойишталигини сақлаш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир, – дейди битирувчи Дилноза Парпиева. – Бу бурч мазкур шарафли касбни танлаган биз, ёшларнинг зиммасига янада улкан масъулият юклайди. Биз буни доимо ҳис этиб, элу юртимизга садоқат билан хизмат қиламиз.

Норгул Абдураимова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА