ЎзА Ўзбек

29.07.2014 18:12 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Битирувчиларга диплом топширилди

Битирувчиларга диплом топширилди Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясининг навбатдаги битирувчиларига диплом ва кўкрак нишонларини топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Унда Мудофаа вазирлиги раҳбарияти, вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши вакиллари, битирувчиларнинг оила аъзолари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, генерал-лейтенант Қ.Бердиев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида кенг билим ва тафаккурга, юксак профессионал маҳорат ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, замонавий фикрлайдиган, интеллектуал жиҳатдан етук, жанговар ҳаракатлар шароитида ўз олдига қўйилган вазифаларни муваффақиятли адо этишга қодир бўлган ҳарбий кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 1995 йилда ташкил этилган академияда ўтган даврда офицер кадрларни тайёрлашни такомиллаштириш ва илмий-тадқиқот салоҳиятини оширишга қаратилган катта ўзгаришлар амалга оширилди. Бунда Президентимизнинг 2010 йил 4 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этди.

Навбатдаги битирувчиларнинг таълим-тарбия жараёни ҳам ҳарбий санъат ривожи тенденциялари, замонавий таълим стандартлари инобатга олинган таълим дастурлари – таълимнинг янги шакл ва услублари, илғор ахборот-коммуникация технологиялари, моделлаштириш ва симуляция усуллари асосида ташкил этилди.

Тадбирда битирувчиларга диплом ва кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди. Улар орасида давлат имтиҳонларини "аъло" баҳоларга топширган Улуғбек Мажидов, Раҳматилла Раҳмонов, Мурод Тешабоев, Алишер Эргашев, Антон Воронцов каби ўнга яқин офицерлар бор.

– Икки йил давомида назарий тайёргарлик билан қўшинларнинг кундалик жанговар хизмат фаолияти бўйича зарур кўникмаларни эгалладик, – дейди майор Мурод Тешабоев. – Юртимиздаги етакчи олий таълим муассасалари, хорижий ҳарбий таълим даргоҳлари ва тадқиқот марказлари мутахассисларининг мудофаа қурилиши ва қўшинларни ҳарбий ҳаракатларда қўллашга оид долзарб мавзулардаги маърузалари, самарали бўлди.

– Бугунги тантанада қатнашаётганимдан жуда хурсандман, – дейди чирчиқлик Сабоҳат Холиқова. – Ўғлим Улуғбек бир неча йил аввал лейтенант унвонини олган эди. Бугун у нуфузли олий ҳарбий таълим муассасасини муваффақиятли битирди. Ўғлим ва унинг сафдошлари Ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини сақлаш учун янада шижоат билан хизмат қилишини, Ўзбекистонимизнинг мустаҳкам қалқони бўлишини тилайман.

ЎзА, Зиёдулла Жонибеков, Ёлқин Шамсиддинов (сурат)