ЎзА Ўзбек

12.01.2016 14:12 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Байрамга муносиб туҳфа

Ватан ҳимоячилари куни байрами арафасида Фарғона вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармасининг аҳоли ва раҳбарлар таркибини тайёрлаш маркази биноси мукаммал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.

Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири Т.Худойбергенов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида фуқаролар муҳофазаси, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш борасида изчил ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимидаги бошқарма ва марказларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, ходимларнинг жисмоний тайёргарлиги ва касб маҳоратини оширишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Фарғона вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармасининг аҳоли ва раҳбарлар таркибини тайёрлаш маркази биносининг янгилангани ҳам бу борадаги ишларнинг ёрқин тасдиғидир. “Қувасойтаъмирқурилиш” масъулияти чекланган жамияти бунёдкорлари томонидан таъмирланган бино кўркам қиёфа касб этиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланди.

– Бундай замонавий бино бизнинг ишимиз самарадорлигини оширишга хизмат қилади, – дейди марказ раҳбари И.Исроилов. – Аҳолини табиий ва техноген тусдаги ҳодисалар ва фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракатланишга ўргатиш тобора долзарб вазифага айланмоқда. Марказда ташкил этиладиган ўқув машғулотларидан асосий мақсад ҳам аҳоли ва раҳбарларнинг бу борадаги билим ва кўникмасини оширишдир.

Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА