ЎзА Ўзбек

07.01.2016 11:55 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Бўлажак ҳарбийлар мактаби

Президентимиз раҳнамолигида ёшларни ҳарбий соҳага тайёрлаш, ушбу йўналишдаги мактаб, лицей ва олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларда таълим сифати ва самарадорлигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 25-ҳарбий касб ва спортга йўналтирилган давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ўқувчиларнинг ҳарбий соҳа бўйича замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллаши учун барча шароит яратилган.

– Тўрт юзга яқин бола таҳсил олаётган интернатда ёшларни жисмонан бақувват, ватанпарвар ва юксак интеллектуал салоҳиятли инсонлар этиб тарбиялаш ишлари давлат таълим стандартлари асосида ташкил этилган, – дейди мактаб-интернат директори Расул Зокиров. – Мактаб ўқувчилари турли фан олимпиадалари ва билимлар беллашувларида муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Замонавий жиҳозланган 14 фан кабинети, компьютер хонаси, ахборот-кутубхона маркази, спорт зали ва ошхона ўқувчилар ихтиёрида. Ўтган йилларда муассасамизни 2 мингдан зиёд ўқувчи тамомлади. Битирувчиларнинг аксарияти таълимнинг кейинги босқичида турли ҳарбий билим юртларида таҳсилни давом эттирмоқда.

Ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун турли фан ва спорт тўгараклари фаолият юритмоқда. Мактаб ўқувчилари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 24 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Таянчим ва суянчим, фахру ифтихоримсан, муқаддас Ватан!” шиори остида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ва кўрик-танловларда фаол иштирок этмоқда.

– Мактабимизда ўқиш, ҳарбий билимларни пухта эгаллаш учун барча шароит муҳайё, – дейди ўқувчи Бекзодбек Одилов. – Ҳарбий йўналиш бўйича билимимизни бойитиш баробарида, спорт билан мунтазам шуғулланамиз. Президентимиз раҳнамолигида биз, ёшлар камолотига қаратилаётган бундай алоҳида эътибор, яратиб берилаётган шароит ва имкониятлардан самарали фойдаланиш, ўзимиз орзу қилган йўналишда етук мутахассис бўлиб, юртимиз равнақига ҳисса қўшишни мақсад қилганмиз.

Билим даргоҳида яратилган шароитлар ёшларнинг келажакда мард ва жасур Ватан ҳимоячиси, юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигига ҳисса қўшадиган ватанпарвар инсонлар бўлиб камол топишига хизмат қилмоқда.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА