ЎзА Ўзбек

10.07.2014 11:55 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Бўлғуси курсантлар синовдан ўтди

Бўлғуси курсантлар синовдан ўтди Мамлакатимизнинг барча олий ҳарбий таълим муассасаларида 10 июль куни давлат тест синовлари бўлиб ўтди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида Қуролли Кучлар тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ҳарбий таълимни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўқув-тарбия ишлари ва қўшинларнинг жанговар фаолиятини ташкил этишнинг янги шакл ва методлари яратилмоқда. Зарур касб кўникмалари ва ташкилотчилик қобилиятига эга, интеллектуал салоҳияти юқори, мураккаб вазиятларда тўғри қарор қабул қилишга қодир офицер кадрлар тайёрланмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2005 йил 19 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида ҳарбий таълим тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши бу борада дастуриламал бўлмоқда. Ушбу ҳужжатга мувофиқ олий ҳарбий таълим муассасаларида тест синовлари 10 июлда ўтказилиб, курсантликка қабул қилинганлар рўйхати 15 июлда эълон қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг олий ҳарбий таълим муассасаларида ёшлар ўттизга яқин мутахассислик бўйича таҳсил олмоқда. Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртида мотоўқчи ва чегара бўлинмалари учун юқори малакали офицерлар тайёрланмоқда. Билим юртидаги замонавий ўқув хоналари, қурол-яроғ ва жанговар техника, машғулотлар ўтказиш комплекслари, спорт иншоотлари, ахборот-ресурс маркази ёшларни жисмонан ва маънан етук инсонлар сифатида шакллантиришга хизмат қилмоқда. Малакали профессор-ўқитувчилар тўрт йил давомида уларга касб сирларини ўргатмоқда.

Жорий йилда абитуриентлар сони янада кўпайди. Бу олий ҳарбий таълим муассасасида таҳсил олиб, келажакда офицер сифатида эл-юртимизга садоқат билан хизмат қилишни истаган ёшлар сафи тобора кенгайиб бораётганидан далолатдир. Улар сафида муддатли хизматни ўтаб бўлган ва шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар кўпчиликни ташкил этаётир.

Шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Рамазон Аллаев ушбу олий ҳарбий таълим муассасасига ҳужжат топширди.

– Тест синовларини муваффақиятли топширишимга ишонаман, – дейди Рамазон. – Насиб этса, ушбу олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга кириб, Ватанимга хизмат қиламан, деган умиддаман.

– Ўғлим Бобурни қўллаб-қувватлаш учун келдик, – дейди бухоролик Ботир Дурдиев. – Уч ўғил-қизни тарбиялаб вояга етказдик. Кенжамиз Бобур ҳарбий билим юртига ўқишга кираман, дея тинмай ўқиб, спорт билан шуғулланиб келди. Омади келиб курсант бўлишидан умид қилиб турибмиз.

Шу куни Тошкент ахборот технологиялари университети махсус факультетида ҳам тест синовлари ўтказилди. Ундан муваффақиятли ўтган ёшлар алоқа, телекоммуникация ва ахборот технологиялари соҳасида ҳарбий мутахассис бўлиб етишади.


ЎзА, Зиёдулла Жонибеков, Сарвар Ўрмонов (сурат)