ЎзА Ўзбек

10.02.2015 17:58 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Бўлғуси чегарачилар кутиб олинди

Бўлғуси чегарачилар кутиб олинди

Термиз темир йўл вокзалида Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинларида муддатли ҳарбий хизмат бурчини ўташ учун келган дастлабки аскарларни тантанали кутиб олиш маросими бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ислом Каримов раҳнамолигида Ватанимизнинг мудофаа қудрати мустаҳкамланиб, тезкор, ихчам, замонавий техника ва қурол-яроғ билан таъминланган профессионал миллий армиямиз шаклланди. Муддатли ҳарбий хизмат бир йилгача қисқартирилиб, чуқур билимли, маънавий етук, юксак интеллектуал салоҳиятга эга, жисмонан соғлом ёшларни саралаб олиш жорий этилди. Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига муносиб турмуш шароитлари яратиб берилаётир.

Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидаги Шоберди қишлоғида вояга етган Элбек Сулаймонов ҳам Ватан ҳимоячиси бўлишни орзу қилар эди. Ушбу мақсад йўлида умумтаълим мактабида аъло баҳоларга ўқиб, жисмонан чиниқди. Бешариқ қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида ўқиб юрган кезлари чақириққача ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш фанини чуқур ўзлаштирди. Назарий ва амалий машғулотларда фаол иштирок этди. Чақирув мавсумида жисмоний тайёргарлик ва тест синовларидан етарли балл тўплаб, муддатли ҳарбий хизматга йўлланма олди.

– Йигит учун Ватан ҳимоясидан кўра муқаддас, шарафли вазифа бўлмаса керак, – дейди Элбек. – Юрт тинчлиги, халқ осойишталиги посбони бўлишдек орзуим рўёбга чиқиб, мамлакатимизнинг жанубий сарҳадларида муддатли ҳарбий хизматни ўташга келганимдан бахтиёрман.

Замонавий таълим масканларида ёш авлоднинг маънан етук, жисмонан соғлом вояга етиши учун зарур шароитлар яратилгани, улар онгу шуурига Ватан ҳимояси муқаддас деган туйғу чуқур сингдирилаётгани бўлажак аскарларнинг мард, жасур ва қатъиятли бўлиб улғайишига хизмат қилаётир. Муддатли ҳарбий хизматни намунали ўтаган аскарларга олий ўқув юртига ўқишга кириш учун имтиёзли тавсияномалар берилаётгани ёшларимиз қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳини янада мустаҳкамламоқда.

– Муддатли ҳарбий хизмат келгуси ҳаётимни белгилаб олишимда муҳим ўрин тутишига ишончим комил, – дейди Тошкент шаҳридан муддатли ҳарбий хизматга келган Беҳзод Қосимов. – Тошкент темир йўл коллежини тугатиб, аскарлик либосини кийишга астойдил ҳозирлик кўрдим.

Жанубий сарҳадларимизнинг ҳарбий қисмларида бўлғуси чегарачиларнинг самарали хизмат қилиши учун барча шароит яратилди.

– Ҳарбий қисмларда аскарлар учун замонавий шароитлар муҳайё этилган, – дейди майор Замриддин Исломов. – Кенг ва шинам ётоқхоналар, ошхона, ўқув-машғулот хоналари, спорт зали ва спорт майдонлари улар ихтиёрида. Чақирилувчилар белгиланган муддат давомида ўқув марказида ҳарбий соҳа бўйича етарли кўникма ва малакага эга бўлгач, ҳарбий қисмларда ўз бурчини бажаришга киришади. Буларнинг барчаси чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаб, кун сайин чирой очиб бораётган озод ва обод юртимиз сарҳадларини ишончли ҳимоя қилиш борасида кўрсатилаётган улкан эътибор ва ғамхўрликнинг амалдаги ифодасидир.

Холмўмин Маматрайимов, Фарход Абдурасулов (сурат), ЎзА