ЎзА Ўзбек

24.02.2017 12:30 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Аскарлар уйга қайтди

Аскарлар уйга қайтди Президентимизнинг 2016 йил 21 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига кўра муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган аскарларни тантанали кутиб олиш тадбирлари ўтказилмоқда.

Қарши темир йўл вокзалида бўлиб ўтган тадбирда Қашқадарё вилояти мудофаа ишлари бошқармаси, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Муддатли ҳарбий хизмат ёшларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш билан бирга, уларнинг жисмоний ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириб, саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани таъкидланди. Миллий армия сафларида хизмат қилаётган аскарлар учун барча шароит яратилган. Ҳарбий қисмларда аскарларнинг юксак жанговар ва ахлоқий-руҳий сифатларга эга бўлиш, мураккаб жанговар шароитларда тез ва тўғри йўл танлай олиш, оғир вазиятларда оптимал қарорлар қабул қилиш каби қобилиятини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қуролли Кучларимиз сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасига эга бўлган йигитлар мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларига ўқишга киришда тўплаш мумкин бўлган максимал баллнинг 27 фоизи миқдорида қўшимча имтиёзга эга бўлмоқда.

– Ватанга хизмат қилиш ҳар бир йигитнинг муқаддас бурчи, – дейди оддий аскар Ш.Йўлдошев. – Муддатли ҳарбий хизмат давомида чиниқдим, дунёқарашим кенгайди. Тест ва бошқа синовлардан муваффақиятли ўтиб, қўмондонликнинг тавсияномасини қўлга киритдим.

Тадбирда Ватан, мустақиллик, тинчлик, дўстлик ва садоқатни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА