ЎзА Ўзбек

23.02.2016 10:31 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Аскарлар тантанали кузатилмоқда

Аскарлар тантанали кузатилмоқда Мамлакатимизда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган Ватан ҳимоячиларини тантанали кузатиш ва ҳарбий қисм қўмондонлигининг олий ўқув юртларига ўқишга киришда қўшимча имтиёз берувчи тавсияномаларини топшириш маросимлари байрамона руҳда ўтказилмоқда.

Президентимизнинг 2015 йил 23 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилаётган тадбирларда ҳарбийхизматчилар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ўқувчи-ёшлар иштирок этмоқда.

Термиз гарнизонининг ҳарбий қисмларидан бирида бўлиб ўтган шундай тадбирда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди бошқаруви раиси ўринбосари Нозимжон Мўминов, офицер Анвар Қўшназаров ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз мудофаа тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида ҳарбий хизматга муносабат тубдан ўзгаргани, тезкор, ихчам, замонавий ҳарбий техника ва қурол-яроғ ҳамда малакали офицер кадрлар билан таъминланган профессионал миллий армиямиз шаклланганини алоҳида таъкидлади.

Президентимизнинг 2012 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ёшларда армия сафларида хизмат қилишга қизиқиш ва интилишни янда оширди.

Тадбирда жанговар, маънавий-маърифий тайёргарлик ва ҳарбий интизом бўйича юқори натижаларга эришган бир гуруҳ аскарларга фахрий ёрлиқ ва ота-оналарига ташаккурномалар, олий ўқув юртига кириш учун имтиёз берадиган ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномалари тантанали топширилди.

– Муддатли ҳарбий хизматни якунлаб, уйга қайтаяпман, – дейди фарғоналик Темур Ўлмасов. – Армияда жисмонан чиниқдим, маънавий-руҳий жиҳатдан юксалдим, ҳаётга муносабатим тубдан ўзгарди. Бурчимни муваффақиятли бажариб, олий ўқув юртига ўқишга киришда қўшимча имтиёз берувчи тавсияномага эга бўлганимдан беҳад мамнунман.

Тадбирда муддатли ҳарбий хизмат бурчини ўтаб бўлган аскарларга ҳарбий қисмнинг эсдалик совғалари берилди. Термиз ахборот технологиялари ва маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг “Шунқорлар” ҳарбий-ватанпарварлик клуби аъзолари ҳарбий тайёргарлик бўйича кўргазмали чиқиш намойиш этди.

Холмўмин Маматрайимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА