ЎзА Ўзбек

24.02.2017 12:35 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Аскарлар тантанали кутиб олинди

Аскарлар тантанали кутиб олинди Марғилон темир йўл вокзалида мамлакатимиз Қуролли Кучларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган йигитлардан бир гуруҳи тантанали кутиб олинди.

Президентимизнинг 2016 йил 21 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар иштирок этди.

Мамлакатимизда профессионал миллий армиямизни такомиллаштириш, ҳарбий хизматчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга жалб этишнинг самарали тизими яратилгани туфайли армияга энг муносиб йигитлар саралаб олиниб, улар ҳарбий хизматни ўтаб қайтганидан сўнг ўқиш ва ишга жойлашишда бир қатор имтиёзларга эга бўлмоқда.

– Самарқанд вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирида муддатли ҳарбий хизматни ўтадим, – дейди бешариқлик оддий аскар Нодир Абдураҳмонов. – Биз замонавий ҳарбий техникани пухта ўрганишимиз, спорт билан шуғулланишимиз, сиёсий ҳамда ўқув дастурида кўзланган билимларни ўзлаштиришимиз учун барча шароит яратиб берилди. Хизмат сўнггида қўмондонлик тавсияномасига эга бўлдим. Мақсадим – олий ўқув юртида таҳсил олиб, етук мутахассис бўлиш, юртимиз равнақига ҳисса қўшиш.

– Бир-икки кун ота-онам ёнида бўлгач, бугун тавсия қилинган бўш вазифалар орасидан ўзимга муносибини танлаб иш бошлайман, – дейди захирадаги аскар Улуғбек Анваржонов.

Тадбирда ҳарбий хизматдан қайтган аскарларга эсдалик совғалари, китоблар тўпламлари тарқатилди. Вилоят меҳнат бошқармасининг бўлимлари, бўш иш ўрни таклиф қилган корхоналар ҳақида маълумотлар берилди.

Маҳаллалар ва таълим муассасаларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган йигитлар ва уларнинг ота-оналари иштирокида учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА