ЎзА Ўзбек

08.01.2016 15:01 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Аскар оналарининг қувончи

Аскар оналарининг қувончи Навоий давлат педагогика институтида Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб “Менинг ўғлим – Ватан ҳимоячиси” мавзусида видеоконференция ўтказилди.

“Таянчим ва суянчим, фахру ифтихоримсан, муқаддас Ватан!” шиори остида ўтказилган тадбирда Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ислом Каримов раҳнамолигида ҳарбий соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Видеомулоқотда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши, жамоатчилик вакиллари ва Тошкент вилоятидаги ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган навоийлик, Навоий вилоятида шарафли бурчини адо этаётган пойтахт вилоятилик аскарлар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Тадбирда ҳарбий хизматчилар миллий армиямизда яратилган шарт-шароитлар хусусида яқинлари билан суҳбатда бўлди.

– Ватанига содиқ, унинг тинчлиги ва халқимиз осойишталиги йўлида хизмат қилаётган фарзандни вояга етказганимдан мен ҳам фахрланаман, – дейди Навоий вилоятидан Шаҳзода Қобилова. – Ҳарбий хизматчиларга, уларнинг оила аъзоларига шундай шароитлар яратиб бераётган, аскар оналарини улуғлаётган юртда яшаётганим менинг энг катта бахтим. Юртимиз тинч, ҳаётимиз янада фаровон бўлаверсин.

– Ҳарбий хизмат давомида тартиб-интизом, қатъиятлиликни ўргандим, – дейди Навоий вилоятидаги ҳарбий қисмларнинг бирида хизмат қилаётган Тошкент вилоятилик Жавоҳир Абдуллаев. – Ҳарбий хизматдан сўнг имтиёзли тавсиянома олиб, олий маълумотли ҳарбий мутахассис бўлишни мақсад қилганман. Ота-онам, Президентимиз ва халқимиз билдирган ишончни оқлаб, юртимиз тинчлиги ва чегараларимиз дахлсизлигини асраш йўлида хизмат қиламан.

Санъаткорлар ижросида Ватан, тинчлик ва мардликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар тадбирга байрамона кайфият бағишлади.

Нуриддин Раҳимов, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА