ЎзА Ўзбек

14.01.2016 12:44 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Аскар оналарини шарафлаймиз

Бухорода Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 24 йиллиги ва 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб ўтказилган маданий-маърифий тадбир шундай номланди.

Вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ва мудофаа ишлари бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган бухоролик аскарларнинг оналари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Тўйева ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида миллий армиямизни ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилган кенг кўламли ишлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Учрашувда йигитлик бурчини шараф билан адо этаётган аскарларнинг оналарига совғалар топширилди.

– Ўғлим Иззатулла Қорақалпоғистон Республикасида ҳарбий хизматни ўтамоқда, – дейди Бухоро шаҳридаги 5-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Розия Содиқова. – Мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллик байрами олдидан ҳарбий қисм раҳбарияти фарзандим жанговар тайёргарликда тенгқурларига ўрнак ва намуна бўлаётани учун отаси ва менга ташаккурнома жўнатганида фахрдан бошимиз кўкка етди. Яқинда эса ҳарбий қисмда Конституция кунига бағишлаб аскарлар ўртасида ўтказилган ҳуқуқий билимлар кўригида ўғлимнинг совриндор бўлганини эшитиб, яна бир қувондик. Бундай юксак эътибор учун Президентимиздан миннатдормиз.

Тадбирда Ватан, истиқлол, тинчлик, ёшлик ва она тараннум этилган куй-қўшиқлар янгради.

Эркин Ёдгоров, ЎзА