ЎзА Ўзбек

13.01.2017 15:26 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Аскар оналари шарафланди

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 52-моддасида “Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш – Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар”, деб белгилаб қўйилган.

Бухоро вилоятида ҳарбий хизматни ўтаётган Бобур Рўзиқулов пойтахтимизнинг Чилонзор туманида ўсиб-улғайган. Бобур командирлари ва сафдошлари ишончини оқлаб, барчанинг эътиборига тушди. Ўғли ҳақидаги илиқ фикрларни эшитган ота-онанинг қувончини айтмайсизми?! Бобур оилада тўрт ўғилнинг иккинчиси. Сожида опа ўғли Бобурнинг ҳарбий хизматда кўрсатган фаоллиги сабаб Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 25 йиллиги ва 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан "Аскар оналарини шарафлаймиз" деб номланган маънавий-маърифий тадбирга таклиф этилганидан кўнгли тоғдек кўтарилди.

Чилонзор тумани ҳокимлиги, туман хотин-қизлар қўмитаси, Республика Маънавият тарғибот маркази, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди туман бўлимлари, "Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати туман кенгаши ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар, ҳарбий хизматчилар, ҳарбий хизматни ўтаётган аскарларнинг ота-оналари, маҳалла фаоллари ва ёшлар иштирок этди.

Чилонзор тумани ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Н.Абдураҳимова ва бошқалар мамлакатимиз суверенитети ва чегараларимиз дахлсизлигининг кафолати бўлган миллий армиямизда ҳарбий хизматчилар ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарларга барча шароит яратиб берилаётганини таъкидлади. Айниқса, бу жараёнда ҳарбий тизимда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юртимизда тинчлик-осойишталикни таъминлаш ва халқимиз фаровонлигини оширишда юксак самаралар бераётир.

– Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 20 декабрдаги фармойишига мувофиқ мамлакатимизнинг барча ҳудудларида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда, – дейди Республика Маънавият тарғибот маркази Чилонзор тумани бўлими бош мутахассиси Нилуфар Абдуллаева. – Бугунги тадбир аскар оналарини шарафлашга, бу мўътабар зотларга миннатдорлик билдиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Тадбир ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, миллий армиямиз ва ҳарбий хизматчиларимизга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирда аскар оналарига эсдалик совғалари топширилди. Таниқли санъаткорлар ва ёш ижрочилар иштирокида концерт намойиш этилди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА