ЎзА Ўзбек

11.01.2016 14:15 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Аскар оналари эъзозда

Фарғона шаҳридаги Офицерлар уйида аскар оналарини шарафлашга бағишланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Шарқий ҳарбий округ қўмондонлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ўз йигитлик бурчини ўтаётган фарғоналик аскарларнинг оналари, офицер ва аскарлар, уларнинг оила аъзолари иштирок этди.

Президентимиз раҳнамолигида профессионал миллий армиямизни шакллантириш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига муносиб турмуш шароити яратиш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар самарасида Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилиш ҳар бир йигит учун нафақат бурч, балки ҳақиқий шон-шараф ишига, фарзандини армия сафларида кўриш эса ота-оналарнинг орзусига айлангани таъкидланди.

Тадбирда аскар оналарига ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди.

– Биз, аскар оналари давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай эътибор ва эҳтиромдан кўнглимиз тоғдай кўтарилди, – дейди Мавлуда Аъзамова. – Аёллари, оналари, Ватан ҳимоячилари эъзозланаётган юртда яшаётганимиздан фахрланамиз. Ўғлим Сардор Самарқанд вилоятида ўз йигитлик бурчини ўтамоқда.

Тадбирда вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси тасарруфидаги бадиий жамоалар, таниқли хонандалар ижросида концерт дастури намойиш этилди.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА